Ҳам амалий, ҳам ҳуқуқий кўмак...

Бугунги кунда солиқ идоралари ходимлари аввалги каби тадбиркорни ноўрин текширган ҳолда, унинг юмушини мушкуллаштириб, фаолиятини чеклаб қўймай, балки уларнинг корига яраб, амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан фаолиятини бошлаб, аммо тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган шахсларга ҳам амалий, ҳам ҳуқуқий кўмак берилмоқда.
Хусусан, ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ишини қайта тиклаш ва янги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳисобига жорий йилнинг 7 ойи давомида якка тартибдаги тадбиркорлар сони 3791 нафарга кўпайди. Уларда ёлланма ишчи сифатида ишлаётган 2091 нафар фуқаронинг фаолияти қонунийлаштирилди. Натижада бюджетга 11,1 млрд. сўм қўшимча манбалар жалб этилиши таъминланди.
Бу кўрсаткич сўнгги икки ойда янада юқорилади. Хусусан, июнь-июль ойларида Тошкент шаҳрида ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 1819 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, 1191 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти қайта тикланди. Уларда ёлланма ишчи сифатида ишлаётган 1017 нафар фуқаронинг фаолияти қонунийлаштирилди. Натижада бюджетга 4,3 млрд. сўм қўшимча манбалар жалб этилиши таъминланди.
Жумладан, пойтахтимизнинг Учтепа туманида ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида фуқаро Ғайратжон Ҳожиакбаров ҳудудда жойлашган “Назарбек темир савдо” бозорида қурилиш моллари савдосини йўлга қўйгани-ю, ҳужжатларни эса расмийлаштиришга фурсат топмагани аниқланди.
Худди шунингдек, фуқаро Феруза Холмуратова ҳам Бектемир тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кўчаси 6-уйда жойлашган “Кўкламги водий” МЧЖга қарашли савдо дўконида ҳеч қандай ҳужжатларсиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.
Тадбирлар натижасида ушбу фуқароларга расмий огоҳлантириш берилди ҳамда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши учун амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирги вақтда давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятини давом эттирмоқда.
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2017 йилнинг 1 декабридан ҳунарманд уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши қайд этилган.
Аммо ҳунармандлар учун аниқ кўрсатиб қўйилган бундай имтиёзларни бошқа фаолият тури бўйича ўз манфаати йўлида билиб-билмай фойдаланаётган ва соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган тадбиркорлар ҳам учрамоқда.
Яккасарой туманида яширин равишда савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш улар фаолиятини қонунийлаштириш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида тадбиркорликнинг маҳаллий ҳунармандчилик йўналишида ишлаётган Дилноза Шамсуддинованинг фаолияти ўрганилди.
Қоғозда бошқа-ю амалда эса ўзгача ҳолат. Яъни назорат тадбири давомида Д.Шасуддинованинг дўконида ҳунармандчилик маҳсулотларидан кўра, замонавий либослар кўплиги аён бўлди. Назорат тартибидаги суҳбатдан кейин тадбиркор тушунмовчилик туфайли хатоликка йўл қўйганини тан олиб, ўз изни билан ҳунармандчиликни якка тартибдаги фаолият турига ўзгартирди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритишларига кўмаклашиб, мамлакатимизда тадбиркорликка оид мавжуд тартиб-қоидалардан уларни бохабар этган ҳолда солиқ идоралари солиқ тўловчиларнинг ҳақиқий бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида ўз фаолиятларини янги босқичда амалга оширмоқда.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси 
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

 

ЎзА