Имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, янгича дунёқараш билан меҳнат қилиш – халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг муҳим омилидир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29 август куни Тошкент вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Бекобод шаҳрида жойлашган мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлган «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.

Президентимизнинг 2018 йил 9 январдаги «2018-2020 йилларда «Ўзметкомбинат» АЖни ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида комбинатда катта ҳажмдаги иқтисодий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехи шулардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида 60 миллион долларлик лойиҳа асосида замонавий, энергия тежовчи ва илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу цех ишга туширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда корхона ишчи-ходимлари, соҳа мутасаддилари, хорижлик инвесторлар иштирок этди.

Комбинат имкониятларидан унумли фойдаланиш, қўшимча ишлаб чиқариш объектлари барпо этиш, 2-3 йил ичида камида 15-20 минг иш ўрни яратиш керак. Бунинг замирида одамларни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам, деди Президентимиз.

Жанубий Кореянинг «Posco Daewoo» компанияси билан ҳамкорликда қурилган янги цехда йилига 25 минг тонна ферросилиций ва ферросиликомарганец ишлаб чиқарилади. Бу билан металл маҳсулотлар тайёрлайдиган тармоқлар талаби тўлиқ қондирилиб, йилига 8 минг тонна ферроқотишмани экспорт қилиш, шу тариқа импортдан воз кечиб, 35 миллион долларни тежаб қолиш имконияти пайдо бўлади. 300 дан зиёд йигит-қиз иш билан таъминланади.

Президентимиз қуйиш-прокатлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйди.

Мазкур лойиҳа қиймати 452 миллион доллар бўлиб, унинг амалга оширилиши натижасида 400 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳа 2020 йилда тўлиқ якунига етказилиб, йилига 1 миллион тонна 2-12 миллиметр қалинликдаги пўлат листлар ишлаб чиқарилади. Бу пўлат листлар импортини камайтириш имконини беради. Йилига 350 миллион доллар тежалади. Шунингдек, янги қурилаётган Тошкент металлургия заводининг асосий хомашёси бўлган иссиқ ҳолатда прокатланган листларга 500 минг тонналик йиллик эҳтиёж тўлиқ қопланади. Қуюв-прокат мажмуасини Италиянинг “Даниели” компанияси барпо этмоқда.

Шавкат Мирзиёев комбинат ишчи-ходимлари билан суҳбатлашди. Уларнинг самарали меҳнат қилиши ва дам олиши учун яратилган шароитлар билан қизиқди.

– Кейинги йилларда комбинатда умуман ўсиш кузатилмаётган эди. Шу боис, ўтган йили уни ташқи бошқарувчига бириктирдик. Натижада ишлаб чиқариш 1,5 баробар ортди. Даромадлари кўпайган комбинат жорий йилда Бекобод шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 75 миллиард сўм маблағ ажратди, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.

Жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида велосипед ишлаб чиқариш, Юқори Чирчиқ туманида қишлоқ хўжалиги, Бўка туманида пахта-текстиль кластерларини ташкил этиш, Қуйи Чирчиқ туманида канопчилик соҳасини қайта тиклаш ва ривожлантириш, Оҳангарон туманида замонавий гидропоник иссиқхона очиш каби қатор лойиҳалар режалаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича мутассаддиларга топшириқлар берди.

Маълумки, Президентимиз 2017 йил 18 август куни Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларини ривожлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурган эди.

Ўтган бир йилда Бекободда салмоқли ишлар амалга оширилди. 90 мингдан зиёд одам истиқомат қиладиган шаҳарда аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қоплаш мақсадида бешта етти қаватли уй қуриб битказилмоқда. Яна бешта шундай турар-жой қурилиши бошланиш арафасида. Улар йил охиригача ўз эгаларига топширилади. Уйлар атрофига болалар ўйин майдончалари, автомобиллар сақлаш жойлари, замонавий савдо шохобчалари қуриш ҳам режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан ушбу янги массивга «Мустақилликнинг 27 йиллиги» деб ном берилди.

Президентимиз жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, уларни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан табриклади.

– Бир йил олдин Бекободга келиб, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор режалар белгилаб олган эдик. Бугунги учрашувимизда ўша режаларнинг дастлабки натижалари ҳақида сўзламоқчиман, – деди давлатимиз раҳбари. – Бекободда шу пайтгача иссиқ сув йўқ эди, ичимлик суви сифати ёмонлигидан кейинги 10 йилда касалликлар кўпайган, ишсизлик ортганди. Бугун шаҳарга йирик инвестициялар жалб этиляпти, янги иш ўринлари яратиляпти. Йўлсозлик, электр энергияси ва газ таъминоти, томларни таъмирлашга эътибор қаратила бошланди. Тошкент ва Бекобод шаҳарлари оралиғида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Биз бу ишлар кўламини янада кенгайтирамиз.

Бекободликлар бундай эътибор туфайли шаҳар янги қиёфа касб этгани, одамларнинг фикри, кайфияти ўзгарганини таъкидлаб, Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбарига Тошкент вилоятида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, жорий йилда Олмалиқ, Янгийўл, Бекобод, Нурафшон шаҳарларида 2604 хонадондан иборат 62 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади.

Оҳангарон шаҳридаги Амир Темур кўчасини реконструкция қилиш, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан ўтувчи ҳамда Тошкент – Бекобод ва Тошкент – Сирдарё автомобиль йўллари бўйлаб намунавий уйлар қуриш, вилоятда ичимлик сув тизимини такомиллаштириш, кўмир, технологик чиқинди, минерал руда ва биомассани майдалаш, қуритиш ва сепарация қилиш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз Бекобод туманидаги «Юсупов Ғофуржон файз» фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бугунги кунда мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини оширадиган ва юқори ҳосил олишни таъминлайдиган деҳқончилик тизими жорий этилмоқда. Экинларни белгиланган меъёрлар асосида суғориш, озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали курашиш, уруғ ва ресурслар сарфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ғаллачилик ва пахтачиликнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш йўналишидаги селекция ва уруғчилик ишларини такомиллаштириш чоралари кўрилаётир.

Пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган мазкур фермер хўжалигининг умумий ер майдони 78,6 гектарни ташкил этади. Жорий йилда хўжалик раҳбари Ғофуржон Юсупов 31,1 гектар майдонга ғалла экиб, гектаридан 71 центнердан ошириб ҳосил олди. Соф фойда – 80 миллион сўм. 47,5 гектар ерга ғўза экилган. Ундан ҳам 35 центнердан ошириб ҳосил олиш мўлжалланмоқда.

Фермер 13,5 тонна мош ва 7,5 тонна ловияни экспорт қилиш, ички бозор учун 60 тонна картошка ва 45 тонна сабзи етиштириш бўйича шартномалар тузган. Хўжаликда 35 ишчи меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари хўжалик дала шийпонида вилоят фермерлари билан мулоқот қилди.

Мамлакатимизнинг асосий даромади қишлоқ хўжалигидан. Истиқболли, серҳосил пахта навларини яратиш, ғўзани қўшқатор экиш фермер даромадини оширади. Фермер далага чиқдими, меҳнати самарасидан уй, машина олсин, фарзандларини ўқитсин, уйли-жойли қилсин, деди Шавкат Мирзиёев.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, бу бўйича хориж тажрибасини ўрганиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда бунёд этилаётган йирик саноат корхоналари иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган Тошкент металлургия заводи шулардан биридир.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхона қурилиши билан танишди.

Лойиҳа қиймати 286,7 миллион евролик мазкур корхонага хорижда ишлаб чиқарилган илғор ва замонавий ускуналар келтирилади. Корхонада автомобиль кузовлари ва маиший техника учун металл листлар, металл черепицалар, профнастил тайёрланади. Корхона тўлиқ қувватда ишга туширилгач, йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. 700 га яқин иш ўрни яратилади.

Президентимиз 2017 йил февраль ойида ушбу корхона қурилиши лойиҳаси билан танишиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди.

Ўтган вақт мобайнида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Заводнинг металл конструкцияси қуриб битказилди.

Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирди, заводнинг мамлакатимиз иқтисодиётида тутадиган ўрни ҳақида тўхталар экан, бу ерда ишлайдиган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

 

ЎзА