Осиё ўйинлари: Ўзбекистон медаллар сони бўйича нечанчи ўринда?

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган 18-ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси фаол иштирок этмоқда. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, 24 август куни мусобақаларда терма жамоамиз аъзоларидан 51 нафар спортчи қатнашди.
Кун якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сифати бўйича 10-ўринга, медаллар сони бўйича ҳам 10-ўринга кўтарилди.
Энг яхши натижаларни эслатиб ўтамиз:
Академик эшкак эшиш бўйича:
Исламбек Мамбетназаров, Анатолий Краснов, Алишер Яров, Шероз Ҳакимов, Шоҳжаҳон Нажмиев, Зафар Усмонов, Отамурод Рахимов, Достонжон Бахриев ва Достонжон Хурсанов эркаклар енгил саккизталик баҳсларида 5 та иштирокчилар орасида Индонезиялик рақибларидан кейин 6:12.46 натижани қайд этиб кумуш медални қўлга киритишди.
***
Велоспорт бўйича Муроджон Холмуратов эркаклар 40 дақиқалик шахсий баҳсларида 17 та иштирокчи орасида Қозоғистонлик рақиби Алексей Лутсенкодан кейин +1:33.39 натижани қайд этиб кумуш медални қўлга киритди.
***
Теннис бўйича Денис Истомин яккалик баҳсларида ҳиндистонлик рақиби Гунишваран Прайнешни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб финал йўлланмасига эга бўлди. Истомин 25 август куни Тошкент вақти билан соат 10.00да Хитойлик рақиби Ву Юбинг билан финал баҳсларида кортга чиқади.
***
Осиё ўйинлари доирасида ўтказилаётган бокс беллашувларида терма жамоамиз вакили Бобо Усмон Ботуров баҳс олиб борди. 69 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан вакилимиз илк босқичда мўғилистонлик рақиби Бямюа-Эрдене Отгобатарни мағлуб этди. Энди вакилимиз 2-даврада хитойлик рақибига қарши рингга чиқади. Шу билан боксчиларимиз 26 август куни баҳс олиб боришади.
25 август куни мусобақада қуйидаги спорт турлари бўйича спортчиларимиз иштирок этади:
1.Енгил атлетика;
2. Каратэ;
3. Жиу-житсу;
4.Гольф;
5.Оғир атлетика;
6.Бокс;
7.Пенчак силат;
8. Теннис
Маълумот учун: 2 сентябрь куни соат 19:00да “Бунг Карно” стадонида 45 та давлат спорт делегациялари иштирокида 18-ёзги Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
18-ёзги Осиё ўйинларида 42 та спорт тури бўйича 476 та комплект медаллар ўйналмоқда. Ўзбекистон спорт делегацияси 30 та спорт тури бўйича 233 нафар спортчилар билан иштирок этмоқда.

 

ЎзА