Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раҳбарлигида амалга оширилаётган ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқалар муҳим ўрин эгалламоқда. Бу борада икки давлатнинг оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, диққатга сазовордир.
Ўтган йили Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг “Давлат бошқаруви тўғрисида” китоби “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамда Хитой хорижий тиллар нашриёти – “Forеign Languages Press” билан ҳамкорликда ўзбек тилида чоп этилгани биргаликда амалга оширилган илмий-ижодий меҳнатнинг муҳим натижаси бўлди.
Жаҳон миқёсида тан олинган улкан давлат ва сиёсат арбоби Си Цзиньпиннинг ушбу сермазмун асари Ўзбекистонда катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Шу йил 21 август куни Пекин шаҳрида 25-халқаро китоб кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазмада Хитой Халқ Республикаси Раисининг мамлакатимизда нашр этилган мазкур китоби ҳам намойиш этилди.
Кўргазма доирасида бўлиб ўтган суҳбат ва мулоқотларда бундай ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди ҳамда нашриёт ва матбаа соҳасида, муҳим ижтимоий мавзуларда биргаликда китоблар, альбомлар тайёрлаш ва нашр этиш, юксак малакали олимлар, таржимон-филологлар, муҳаррирлар, нашриёт-матбаа ходимлари иштирокида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро тажриба ва мутахассислар алмашиш истиқболлари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Мазкур кўргазма доирасида мамлакатимиз ҳаётига оид яна бир муҳим воқеа бўлиб ўтди. “Давлат бошқаруви тўғрисида” китобининг асосий таржимонларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб ва таржимон Муртазо Қаршибоев Хитой Халқ Республикасининг “Матбуот соҳасидаги улкан ҳиссаси учун” мукофоти билан тақдирланди. Буюк Британия, Япония, Польша, Россия, Латвия, Қирғизистон, Венгрия, Марокаш, Эрон, Непал, Руминия каби жами 15 давлатнинг хитой тарихи, тили ва адабиёти бўйича нуфузли олимлари, таржимон ва мутахассислари қаторида ўзбек таржимонининг ҳам ана шундай юксак мукофотга сазовор бўлгани юртимиз ва халқимизга, бой тарихимиз ва маданиятимизга, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга улкан эҳтиром ифодасидир.
ЎзА