Илм аҳлига берилган катта мукофот

Истиқлол шарофати билан илм-фан фидойиларига қаратилаётган юксак эътибор, ғамхўрлик юзасидан археолог-тарихчи олим, академик Аҳмадали АСҚАРОВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Мен ўзбек элининг меҳнаткаш деҳқон оиласида дунёга келиб, меҳнат туфайли ҳаётий орзуларимга эришдим, – дейди А.Асқаров. – Барча эришган ютуқларим ота-онамнинг панду насиҳатлари, дилдан қайнаб чиққан дуолари туфайлидир. Биз оилада саккиз жон улғайганмиз. Дадам миришкор деҳқон бўлган.

Биз мактабда ўқиган замонда қишлоқда олий маълумотли ўқитувчи деярли йўқ эди. 10-синфда ўқиётганимизда мактабимизга Тошкентдан олий маълумотли тарих ўқитувчиси директор бўлиб келди. Устоз нотиқ эди. Тарихчи бўлишимга шу ўқитувчимиз сабабчи бўлган, десам янглишмайман.

Тошкентга ўқишга бориш орзуим эди. Ота-онам эса ночорликдан “Болам, ҳамма ўқийверса, подани ким боқади, шолини ким экади, пахтани ким етиштиради”, деб менга насиҳат қиларди. Ҳозиргидек “ўқи, ҳаракат қил, билимли, илмли бўл” дейишнинг иложи йўқ эди. Бу – давр қийинчиликлари билан боғлиқ масала.

Ўша кезларда қишлоғимизда дарё тошқинидан ҳосил бўлган лойқа ерга арпа, шоли экиш авж олган эди. Пасира шолини тиззасига қадар лой кечиб, ўтдан тозалашга ҳамманинг ҳам юраги дов бермасди. Мен бир ой шоли ўташ мардикорлигига бордим. Топган пулим эвазига Тошкентда ўқишга тайёрланишим керак эди. Бошқалар шолисини ўташ ҳисобига тўплаган 50 сўмимни отам кўргач, менга оқ йўл тилаб, дуо қилди.

Шу тариқа археолог-тарихчи бўлдим…

Айни кундаги абитуриентлар учун яратилган шарт-шароитлар, қулайликларни кўриб, кўзимга ёш келади. Улар учун ҳамма нарса муҳайё. Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Биз ўқиган пайтларда бундай имкониятлар етти ухлаб тушимизга ҳам кирмасди.

…Устозларимнинг тавсиясига кўра, аспирантурани Ленинградда ўқишимга тўғри келди. 1958 йил август ойида аспирантурага кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтдим. Ўша вақтда илм-фан ривожига алоҳида эътибор берилган, ёш олимларни саралаш бўлаётган бўлса-да, бу каби жиддий ишлар Москва кенгашида ҳал этиларди. Аммо юртимиздан чиққан олимларни қаерда бўлмасин ҳурмат қилишлари, қадрлашлари, уларнинг илмига тан беришларининг гувоҳи бўлганман.

Мени профессор Михаил Петрович Грязнов шогирд сифатида танлади. Устознинг кекса аёли менга рус тилидан сабоқ бера бошлади. 1959 йил май ойида Москвада ўтказилган бутуниттифоқ археологлар сессиясида маъруза қилдим. Ўзбекистон номи тилга олинаётгани, ютуқларимизни эътироф этишаётгани учун фахрланиб кетдим.

Мен умрнинг 83 баҳорини кўрдим, ҳаётнинг кўп аччиқ-чучукларини татидим. Ҳар бир жабҳада ҳалол меҳнат туфайли орзулар ушалишига амин бўлдим. Фан номзоди, фан доктори илмий даражаларига эришдим. Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофотининг совриндори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, сўнг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби каби унвонларга сазовор бўлдим.

…Бугунги кун ёшлари эришаётган натижалар, дунёни лол этаётган йигит-қизларимизни кўрганимда, уларнинг қонида алломалар, олимлар, зиёлилар қони оқаяпти дейман. Шукроналар айтаман.

Мустақиллик эркин ижод қилиш, турмушимизга фаровонлик, ҳаётимизга енгиллик бериши билан бирга, илм аҳли учун ҳам кўплаб имкониятлар эшигини очди. Бироз қийинчиликларга учраган бўлса-да, илмий изланишлар бир жойда тўхтаб қолмади. Аммо бир муддат фундаментал фаннинг мавқеи пасайиб кетди. Жамият тараққиёти учун фундаментал илмий салоҳиятга эътибор бериш давлат сиёсатида ўз ўрнини топмай қолди. Ёшлар қалбида халқ хўжалиги ва илм-фаннинг бирор йўналиши бўйича етук мутахассис бўлишга интилиш сусайиб, улар фақат дипломли бўлиш учунгина ўқийдиган бўлиб қолди.

Ҳар бир воқеанинг бир сабаби ва албатта ечими ҳам бўлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, илм-фан ҳаётида туб ўзгаришлар юз берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашди. Давлат раҳбари иқтисодиётимизнинг барча соҳалари тараққиётида илм-фаннинг ўрни, аҳамияти ғоят катта экани, бу борада давлатимиз биринчи галда Фанлар академияси ва олимларга суяниши, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бугун ниҳоятда долзарб эканини алоҳида таъкидлади.

Шунинг ўзиёқ биз – илм аҳлига берилган катта мукофот бўлди. Биз бундан буён ҳам мустақиллигимизни асраш, салоҳиятли, билимли шогирдлар тайёрлашга интиламиз, юртимиз келажаги учун чин дилдан меҳнат қиламиз.

 

Барно Мелиқулова ёзиб олди, ЎзА