Осиё ўйинлари-2018 дастуридан ўрин олган футбол мусобақаларида нимчорак финал учрашувлари ҳам бошланди.
Ушбу босқичдаги Ўзбекистон У-23 ва Гонконг У-23 терма жамоалари баҳсининг 27-дақиқасида жамоамиз аъзоси Икром Алибоев чамаси 20 метрлар масофадан дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди – 1:0. Биринчи бўлим якунланишига саноқли дақиқалар қолганда Гонконг терма жамоаси аъзоси Пуи Хонг Ю қанот ҳимоячимиз Акром Комиловга нисбатан қўпол ўйнагани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдондан четлатилди. Танаффусга қадар ҳисоб бошқа ўзгармади.
Агар вакилларимиз Гонконг тўсиғидан муваффақиятли ўтиб олишса, у ҳолда чорак финалда Эрон – Жанубий Корея тўқнашуви ғолиби билан куч синашади. Таъкидлаш жоиз, Жанубий Корея У-23 терма жамоаси сафида Англиянинг “Тоттенхэм” клуби аъзоси Сон Хён Мин тўп сурмоқда.
ЎзА