XVIII ёзги Осиё ўйинларининг оғир атлетика беллашувлари мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобига навбатдаги кумуш медални тақдим этди. 69 килограмгача бўлган вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Достон Ёқубов даст кўтариш мусобақаларида 145 килограмм натижа қайд этди. Бу кўрсаткич унга индонезиялик рақиби билан биргаликда “А” гуруҳида 4-5 ўринларни эгаллаш имконини берди. Даст кўтариш мусобақаларида КХДР вакили О Канг Чол 153 кило натижа қайд этиб, олтин медалга асосий даъвогар эканини исботлади.
Силтаб кўтариш мусобақаларида эса ҳамюртимиз ўз сўзини айтди. Ушбу йўналишда Достон 186 кило натижа билан барча рақибларини ортда қолдирди. Агар у сўнгги уринишда 192 килолик тошни ҳам ўзига бўйсундирганида шубҳасиз мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобига яна бир олтин медални қўшиб қўйган бўларди. Бироқ, унга бироз омад ва куч етишмади. Агар жаҳон чемпионатларида Ёқубов шундай натижа қайд этса, кичик олтин медалга эга чиқарди. Аммо Осиё ўйинларида медаль иккикураш натижасига кўра аниқланади. Иккикурашда терма жамоамиз аъзоси 331 килограмм натижа билан иккинчи ўринни эгаллади. Олтин медаль эса кутилганидек иккикураш натижасига кўра, 336 кило тошни кўтара олган шимолий кореялик О Канг Чолга насиб этди.
ЎзА