Регистон дунё халқларини ҳайратлантирган мўъжиза

Ўзбекистон Президенти ҳамроҳлигида Регистон мажмуасига ташриф буюрган Тожикистон Президенти мазкур мажмуа нафақат Самарқанднинг юраги, балки бутун дунё халқларининг ҳайрат ва ҳавасини уйғотадиган мўъжиза эканини таъкидлади.
photo5458792275623651660.jpg
Тожикистон Президентига мажмуадаги уч муҳташам обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг бунёд этилиш тарихи ва уларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
photo5458792275623651662.jpg
Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, шоҳ ва султон Мирзо Улуғбек томонидан XV асрда бунёд этилган мадрасада Қозизода Румий, Али Қушчи сингари олимлар дунёнинг турли минтақаларидан келган толиби илмларга сабоқ берган. Шу жиҳатдан бугунги кунда юртимиздаги олий таълим тизими асослари Мирзо Улуғбек мадрасаси билан боғланиши бежиз эмас. Айни пайтда мазкур тарихий иншоотда халқаро конференциялар, турли нуфузли кўргазмалар ўтказилмоқда.
XVII асрда Самарқанд шаҳар ҳокими Ялангтўш Баҳодир Мирзо Улуғбек мадрасасига монанд Шердор ва Тиллакори мадрасаларини бунёд этган.
1997 йилдан буён Регистон дунё санъат аҳлининг катта саҳнасига айланмоқда. Бу ерда ҳар икки йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли мусиқа анжуманида тожикистонлик санъаткорлар мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Тожикистон раҳбари бу ерда намойиш этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилди. Уста ва ҳунармандлар ишини кузатиб, уларнинг меҳнатига юксак баҳо берди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Регистон майдонида эсдалик учун суратга тушдилар.
Олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида буюк соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди.

 

У. Асроров, Ғ. Ҳасанов, ЎзА