Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 17 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради.
Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлди. Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи ўзаро ҳамкорлик ривожида навбатдаги улкан воқеа, деб эътироф этилмоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Шундан сўнг Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказди.
Президентимиз Тожикистон раҳбарини самимий қутлаб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қисқа муддатда мустаҳкам ҳамкорлик қарор топгани, бу ташриф изчил мустаҳкамланиб бораётган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
– Қўшни Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Сизнинг Ўзбекистонга давлат мақомидаги илк ташрифингиз шундан далолат беради. Биз уни ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқотимизнинг давоми, деб биламиз, икки томонлама муносабатларни янада юксак даражага кўтариш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёрмиз.
Тожикистон Президенти Ўзбекистон раҳбарига таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини қайд этди.
– Сизнинг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифингиз мамлакатларимиз тарихида янги зарҳал саҳифа очди. У Тожикистон – Ўзбекистон муносабатларини қайта тиклади, барча соҳадаги комплекс масалаларни изчил ривожлантиришга кучли туртки берди. Самарали ташқи сиёсатингиз туфайли Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ошиб бормоқда. Бу ташриф халқларимизнинг фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этади, – деди Эмомали Раҳмон.
Давлатимизнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида турли даражадаги делегациялар алмашувлари фаоллашди. Президентимизнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа етакчи соҳаларда ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида эркин савдо тартиби жорий қилинган. 2002 йилда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган. Жорий йилда мазкур комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилгани томонлар бу алоқаларга катта аҳамият беришидан далолатдир.
Чегарадаги ўтказиш пунктлари очилгани, мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатнови тиклангани одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда томонларнинг қарашлари ўхшаш ёки яқиндир. Жумладан, қўшни Афғонистонда барқарорликни таъминлаш борасида томонлар халқаро ҳамжамият билан самарали ҳамкорлик қилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансмиллий жиноятлар, халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишни чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, махсус хизматлари ва мудофаа тизимлари ўртасида ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, инвестиция, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айланмаси жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо ҳажми 35,1 фоиз ортди. 2018 йилда қиймати 300 миллион доллардан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.
Президентимиз ўзаро савдо айланмаси мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмаслиги, товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш учун фойдаланилмаган улкан захиралар мавжудлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда Тожикистон капитали иштирокида 39 корхона фаолият кўрсатмоқда. Тожикистон ҳудудида ўзбекистонлик сармоядорлар томонидан тузилган 8 корхона мавжуд. Ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида Душанбе ва Тошкентда қўшма бизнес-форумлар ўтказиш яхши анъанага айланди. Мазкур ташриф доирасида пойтахтимизда ўтказилган қўшма бизнес-форумда қиймати 103 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва таркибини диверсификация қилишни изчил давом эттириш бўйича топшириқлар берилди. Икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштиришга келишиб олинди.
Энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Жорий йил апрель ойидан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш тикланди. Тожикистондан электр энергияси сотиб олиш ҳажми ортмоқда. Мамлакатларимиз бундан буён ҳам транспорт ва халқаро транзит коридорларини ривожлантириш соҳасида янада самарали ҳамкорлик қилиш учун амалий саъй-ҳаракатларни бажаришга тайёр.
Ҳудудлар ўртасида алоқалар ривожланмоқда. Сўнгги бир йилда икки мамлакат вилоятлари ўртасида 9 маротаба делегациялар алмашилди. Ишбилармонлар делегацияларининг ташрифлари доирасида вилоятлар ўртасида бизнес-форум ва кўргазмалар ўтказиш йўлга қўйилди.
Марказий Осиё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Томонлар бу борада очиқ мулоқотни давом эттириш тарафдори. Музокаралар натижасида Зарафшон дарёсининг Тожикистон ҳудудидаги қисмида Ўзбекистон ва Тожикистон компаниялари иштирокида 320 мегаваттлик 2 та ГЭС қуришга келишиб олинди.
Фанлар академиялари, олий таълим муассасалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Тожикистон Президентининг мазкур ташрифи арафасида илмий ва маданий доиралар вакиллари учрашиб, мамлакатларимиз маданий-гуманитар ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама этгани эътиборлидир.
Бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб юртдошларимиз нуфуси 1,5 миллионга яқин. Улар орасида давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар кўп. Республика тожик миллий маданият марказининг жойларда 10 та филиали фаолият юритмоқда. 245 умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилади. Тожик тилида чоп этилаётган 4 даврий босма нашр мавжуд, ўнлаб телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.
Шубҳасиз, Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида эришилган улкан ижобий ўзгаришлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамламоқда. Йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган одамларнинг кайфияти ҳам ўзгарди. Таъкидланганидек, бу давлатлараро муносабатлардаги энг катта ютуқлардан биридир.
Музокарада ўзаро муносабатларнинг истиқболли йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.
Шундан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Қўшма баёнотни, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш, антимонопол сиёсат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, геология соҳасида қўшма илмий-тадқиқотлар ўтказиш, илмий-техникавий, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим, ёшлар, маданият ва санъат масалаларига доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликка оид, жумладан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч, англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар.
– Тожикистон Республикаси Президенти, дўстим ва биродарим Эмомали Раҳмоннинг илк давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликда янги уфқлар очди. Биз сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва бошқа муҳим соҳалардаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Амалга оширилган улкан ва пухта ҳамкорликдаги ишлар самарасида бугун Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладик. Бу муносабатларимизда янги давр бошланганидан далолатдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
– Муҳтарам Шавкат Миромонович билан олий даражадаги музокараларимиз якунини ғоят самарали ва қониқарли, деб баҳолаймиз. У Тожикистон – Ўзбекистон муносабатларини стратегик шериклик, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида мустаҳкамлаб боришга интилиш ва қатъий аҳдимизни яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистонга илк давлат ташрифим давомида ҳал этилмаган масала қолмади. Биз барча масалалар бўйича аниқ хулосаларга эришдик. Бу эса келгусида, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, – деди Эмомали Раҳмон.
Тожикистон Президенти халқларимиз ўртасидаги самимий дўстлик ва яқин қардошлик муносабатларининг яққол намунаси сифатида Президентимизга буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий асарлари таржимаси тўпланган “Чашмаи хирад” китобини совға қилди.
Тожикистон раҳбарининг ташрифи арафасида «Ўзэкспомарказ»да Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси очилди. Куннинг иккинчи ярмида Президентлар мазкур кўргазмага ташриф буюрдилар.
Ташқи савдо ва иқтисодиёт маҳкамаларига экспорт-импорт алоқаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Саноат корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон пойтахтимиздаги «Artel» заводида бўлди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги маиший техника ва электр жиҳозлари, илғор стандартлар асосида маҳсулот йиғув жараёни олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон маҳсулотлари сифати ва нархи билан рақобатбардошлиги, хусусан, «Artel» жиҳозлари Тожикистонда ҳам харидоргирлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида «Дўстлик оқшоми» номли концерт бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ўзбек ва тожик халқлари азалдан ёнма-ён яшагани, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтганини таъкидлади.
– Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда Президентимиз Эмомали Раҳмонга икки томонлама ҳамкорликни, халқларимиз ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимизнинг «Эл-юрт ҳурмати» орденини топширди.
Тожикистон Президенти юксак ҳурмат, эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, муносабатларнинг бугунги босқичи халқларимизнинг тарихий ютуғи эканини таъкидлади.
«Дўстлик оқшоми» тобора мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги, халқларимиз дўстлигининг яна бир ифодаси бўлди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.