Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги тегишли қарори билан “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Низомга асосан узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизимига қуйидагилар киради:

-Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;

-Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги;

-Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари;

-туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари;

-А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти;

-Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти;

-Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Педагогик маҳорат марказлари;

-педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари;

-малака ошириш фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат таълим ташкилотлари;

-мактабгача таълим ташкилоти, Президент, ижод, ихтисослаштирилган, умумий ўрта таълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари.

Шунингдек, мазкур Низом билан узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизимига кирувчи барча бўғин ташкилот ва ўқув муассасаларининг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Унга кўра, узлуксиз касбий ривожлантириш таълим олишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган/ажралмаган ҳолда, масофавий, дуал, мустақил, муқобил шакллари орқали амалга оширилади. Узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнлари менежерлик ўқув курслари, малака ошириш курслари, малака ошириш курслари оралиғида ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари, қайта тайёрлаш курслари орқали бажарилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА