Aввалроқ, AҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канадани Aмериканинг 51-штатига айлантиришни “ажойиб ғоя” деб билиши ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо AҚШнинг сайланган президенти Канада ва Мексика билан ҳамкорлик қилмаса, товарларга 25 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилганидан сўнг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида Трамп билан учрашди.

Айрим манбааларга кўра, Трамп гўёки Трюдога бу ғоя ёқмаса, Канада 51-штат, Трюдонинг ўзи эса штат губернатори бўлиш орқали таърифдан қочиши мумкинлиги ҳақида ҳазил қилган.

Трамп тарафдорлари тасдиқланмаган миш-миш сифатида қабул қилинган “ёмон” ҳазилни ижтимоий тармоқларда фаол равишда тарқатишди. Бироқ Дональд Трамп ўзининг “Truth Social” иловасида Канада байроғи ёнидаги тоғ тепасида туриб, бошқа чўққига қараб тургани ҳақидаги мемни жойлаштиргач, вазият янгича тус олди.

Канададаги сайловлар бўйича юридик маслаҳатчи Грегори Тарди “The National Post” нашрига берган интервьюсида бу ғоя 1982 йилги Канада Конституциясининг 41-бўлимига кўра назарий жиҳатдан мумкин эканлигини айтмоқда.

Ғояни амалга ошириш учун эса Канада парламентининг иккала палатаси ва мамлакатнинг барча 10 провинцияси қўллаб-қувватлаши керак бўлади.

Қўшма Штатларнинг Канадани босиб олишга бўлган уринишлари аввал ҳам тарихда кузатилган. Буни синаб кўрган охирги одам 1812 йилги уруш пайтида президент Жеймс Мадисон эди. Унинг уринишлари инглиз қўшинлари томонидан қайтарилганди.

Г.Сатторова, ЎзА