Ноқонуний чиқинди полигонлари ташкил этилиши, аввало, атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсир ўтказиб, тупроқ, сув ва ҳаво ифлосланишига сабаб бўлади. Бу зарарли ҳашаротларнинг кўпайиши, инфекцион касалликлар ортиши ва инсонларда ўпка саратони ва нафас олиш нуқсонларининг ривожланишига олиб келади.

“Ўзбеккосмос” агентлигининг хабар беришича, экология йўналишида олиб борилган жорий йилги космик мониторинг натижаларига кўра, республикамизнинг қарийб 721 гектар майдонида 1 минг 928 та ноқонуний чиқиндихона мавжудлиги аниқланган..

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 243 та (63,2 гектар), Хоразм вилоятида 168 та (22 гектар), Бухоро вилоятида 92 та (91б7 гектар) ноқонуний чиқинди полигонлари аниқланган. Навоий вилоятида эса 216 та (112,4 гектар), Самарқандда 147 та (41,2 гектар), Қашқадарёда 81 та (79б3 гектар) ҳамда Андижон вилоятида 180 та (42 гектар) шундай ҳудудлар аниқланган.

Шунингдек, Наманган вилоятида 195 та (65,2 гектар), Фарғонада 164 та (51 гектар), Тошкент вилоятида 363 та (98,6 гектар), Жиззахда 39 та (30,44 гектар) ва Сурхондарё вилоятида 40 та (20,11 гектар) ноқонуний чиқиндихоналар борлиги  маълум бўлган.

М.ҲОЖИАКБАРОВА,  

ЎзА