Чунки эндиликда барча электрон маълумотлар қонуний асосда рақамли далил бўлиб хизмат қилади.
Рақамли технологияларнинг ривожланиши қулайлик яратиши билан бирга, айрим хавф-хатарларга ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки кибермаконда ғараз ниятли кимсалар ҳам йўқ эмас.
Энг ачинарлиси, шахсга доир маълумотларни ўзлаштириш орқали ўзганинг пластик карталаридаги пулларини ўзлаштириш, ҳисоб-рақамларга киберҳужум уюштириш каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ортиб бормоқда.
Амалдаги процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон далиллар тушунчаси, улардан фойдаланиш тартиби ва шу билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган, рақамли далилларга қандай маълумотлар киритилиши қонунчиликда белгиланмаган эди.
2024 йил 21 ноябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шу бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Қонун билан Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Нотариат тўғрисида”, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, мазкур қонунлардан электрон маълумотлар ва рақамли далиллар тушунчаси, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартиби ўрин олди.
Қонунга кўра, электрон маълумотлар – электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.
Эндиликда терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар томонидан тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади. Электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечиради.
Қонун билан рақамли далиллар тушунчаси ҳам қайд этилган бўлиб, унга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан, электрон тарздаги файллар, аудио ва видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек, бошқа электрон маълумотлар рақамли далил бўлиши мумкин.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақлансагина йўл қўйилади. Улар иш материаллари билан бирга сақланади.
Қонунда рақамли далилларни олиш, уларни кўздан кечириш ва текшириш каби процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ нормалар ҳам белгиланган.
Қонун ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни фош этиш имконияти ортишига, тергов ва одил судлов сифатининг ошишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА