Нукус шаҳридаги И.Юсупов номидаги ижод мактабида “Жадидлар изидан” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган жами 34 нафар ўқувчи иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича ўқувчиларнинг эркин фикрлаш кўникмаларини янада шакллантириш, уларга аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали китобхонликка жалб этиш мақсадида мазкур танлов ўтказилмоқда.

Иштирокчилар “Бошқотирма”, “Савол-жавоб” ҳамда “Асарлар таҳлили” шартлари бўйича жадид намояндаларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида билимларини синовдан ўтказди.

Танлов якунига кўра 6-7-8 синф ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Элликқалъа туманидан Соҳиба Каримбаева, иккинчи ўринни Тўрткўл туманидан Улуғбек Аманбаев, учинчи ўринни Нукус шаҳридан Лайло Аралбаева, 9-10-синф ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Нукус туманидан Феруза Дошбаева, иккинчи ўринни Нукус шаҳридан Дамир Адилбаев, учинчи ўринни Беруний туманидан Мая Бекмуратова эгаллади.

Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА