Жорий йилнинг 25-30 ноябрь кунлари Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрида туркий ва шарқ халқларининг “Қозонда Шарқ бозори” халқаро фестивали бўлиб ўтади.
Мазкур фестивалда қорақалпоғистонлик санъат усталари, рассомлар ва туроператорлар иштирок этади.
Жумладан, 26 ноябрь куни фестиваль доирасида Қозон шаҳридаги “Пирамида”кўнгилочар мажмуасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари ҳамда “Aйқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фолклор ансамбли иштирокида “Дўстлик” концерти намойиш этилади. Шунингдек, фестиваль доирасида қорақалпоғистонлик рассомлар ва санъаткорларнинг кўргазмаси, Қозон давлат маданият институтида Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрининг татар драматурги Т.Миннуллиннинг “Бир қизга тўрт нафар куёв” спектакли татаристонлик томошабинларга ҳавола этилади.
Шу билан бирга ташриф давомида республика делегация аъзоларининг Қорақалпоғистон ва Татаристон ўртасида туризм, маданият, таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш, Татаристон билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш мақсадида расмий учрашувлар, “Осиё ва Шарқ халқларининг маданий алоқалари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиши кутилмоқда.
Муҳими, ушбу лавҳалар доирасида Татаристонда буюк Қорақалпоқ шоири Aжиниёз Қосибой ўғлининг 200 йиллиги ҳам нишонланади. 30 ноябрь куни фестиваль якунига бағишланган гала-концерт дастурида “Aйқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фолклор ансамблининг иштироки режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири