Сув тежамкорлигига бағишланди

Амударё туманида канал ва ариқларда сув йўқотилишининг олдини олиш учун ҳавзаларни бетонлашни жонлантириш, бу орқали сув исрофини камайтириш мақсадида семинар ўтказилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожида сув муҳим аҳамиятга эга эканлигини, уни исроф қилмасдан, тежаб ишлатиш ҳамда мавжуд сув захираларидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг устувор вазифасидир. Тадбирда, қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланишда ариқ ва каналларни бетонлаштириш жуда катта аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Туманида 296,6 км узунликдаги хўжаликлараро канал, 1 минг 342 км ички хўжалик канали мавжуд. 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида 40 км узунликда хўжаликлараро канални, 300 км узунликда ички хўжалик канални бетонлаш режалаштирилган. Шу кунгача 0,25 км узунликда ички хўжалик каналлари бетонланган бўлиб, бу борадаги ишлар узлуксиз давом этмоқда.

“Яшил” энергиянинг қуввати ортмоқда 

“Тахиатош иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятидаги 1,7 МВт қувватдаги қуёш фотоэлектр станциясида 2024 йилнинг январь-октябрь ойларида 1,6 миллион кВт. соат электр энергияси иқтисод қилинди.

Худди шу ҳажмдаги электр энергияси 7 минг 970 хонадоннинг бир ойлик истеъмолидаги электр энергиясига тенгдир. Энг аҳамиятлиси, мазкур “яшил” энергия ишлаши натижасида худди шу даврда 392 минг кубометр табиий газ тежалди.

Жорий йилнинг октябрь ойида 180 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиши натижасида “яшил” энергиянинг қуввати 1,7 МВтга етди. Шунингдек, станцияда ҳажми 2800 литр бўлган 14 та қуёш сув иситиш қурилмаси орқали 38,85 гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, 5,5 минг кубометр табиий газ иқтисод қилинди.

Ғолиблар тақдирланди 

Чимбой тумани ҳокимлиги ва Даўитбай Қайипов номидаги жамоат фонди ташаббуси билан Қорақалпоғистон халқ артисти Даўитбай Қайипов хотирасига бағишланган ёш ижрочиларнинг “Булбулзибон” IX танлови бўлиб ўтди. Унга Оролбўйининг барча ҳудудларидан 150 га яқин иштирокчи Д.Қайипов репертуаридаги куйларни жонли ижро етди.

Қизиқарли ўтган танлов якунида биринчи ўрин Нукус шаҳридан Хайрулло Aйимбетов насиб этди. Иккинчи ўринни Чимбой туманидан ёш истеъдод эгалари Есбосин Назаров ва Ниятбой Ўразбоев, учинчи ўринни Тўрткўл туманидан Исломбек Зинатдинов, Нукус шаҳридан Ислом Муҳаммадияров ва Фурқат Ембергенов эгаллади. Шунингдек, танловда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири