Президент томонидан 2024 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган қарор билан “Ватандош” гувоҳномаси ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

Низом билан юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган ватандошларга “Ватандош” гувоҳномасини ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби белгиланди.

“Ватандош“ гувоҳномаси хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун рағбатлантириш шаклидир. У мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётган, шунингдек республикада хайрия (меценатлик) билан шуғулланаётганларга берилади. Ушбу ҳужжат “Ватандош“ харитасини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Гувоҳнома бериш тўғрисидаги тавсиялар вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган таклифлар ва ташаббуслар асосида Комиссияга киритилади.

“Ватандош“ картаси – ID-карта шаклидаги ҳужжат бўлиб, у гувоҳнома асосида 5 йил муддатга (ватандошнинг миллий паспорти амал қилиш муддатидан ошмаган ҳолда) берилади ва Ўзбекистон ҳудудида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

“Ватандош“ картаси Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш, чет эл фуқаролари учун белгиланган чекловларсиз ва Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлиш заруратисиз кўчмас мулкни сотиб олиш, чет эл фуқаролари учун меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин. Бунда карта эгаларининг оила аъзолари (ота-оналар, эр/хотин ва вояга етмаган болалар) ҳам Давлат божи тўламасдан ва Ўзбекистон ҳудудини тарк этмасдан визани кўп маротаба узайтириш имконияти, Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, давлат божи тўламасдан ички ишлар органларида вақтинча яшаш муддатини рўйхатдан ўтказиш ва узайтириш имтиёзларга эга бўлади.

Концепцияга кўра, хорижда яшаётган ватандошлар: Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимий яшаётган ёки ўқиш, меҳнат фаолияти, оилавий ва бошқа ҳолатлар муносабати билан хорижда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистондан чет элга чиқиб, чет давлат фуқаролигини олганлар, шунингдек, уларнинг авлодлари, Ватанга маънавий ва маданий дахлдорлик туйғусини сақлаб қолган ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан дўстона маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга интилаётганлар имтиёзларга эга бўлади.

Қолаверса, чет элда яшовчи, этник ва тил мансублиги, шунингдек, маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбек ёки қорақалпоқ деб ҳисоблайдиган ва Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлишни хоҳлайдиган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга имтиёзлар берилади.

Ш.Маматуропова,

ЎзА