Пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) ва UNICEF томонидан 20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда болаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади.

Шунга кўра, UNICEF ва ҳамкорлар болаларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ўрнига муқобил адолатли судлов вариантларини таклиф қиладиган ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилишни фақатгина сўнгги чора сифатида қўллаш бўйича тавсиялар билдирди.

Ўзбекистонда болалар учун жиноий одил судловни амалга ошириш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва тарғиб қилиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Жумладан, амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимизнинг Асосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилгани, миллий қонунчиликни бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, ҳозирда Ўзбекистонда болаларга катталар билан бир хил жазо турлари, жумладан, жарима, жамоат ишлари ва ҳатто озодликдан маҳрум этиш ҳам қўлланилади. Кўпгина мамлакатлар ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган болаларга судлов жараёнидан ўтиш ўрнига ўз ҳаётларини тиклаш ва жамиятга қайта интеграция учун имконият бериб, уларни қўллаб-қувватлайди.

UNICEF суд жараёнларида иштирок этаётган болалар учун – хоҳ жабрланувчи, хоҳ гувоҳ ёки жиноятда айбланувчи сифатида бўлсин – катталар учун мўлжалланган тизимлар эмас, балки уларнинг фаровонлигини ҳимоя қилувчи жиноий адлия тизимлари зарур деб ҳисоблайди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистонга ҳибсга олиш ўрнига маслаҳат, воситачилик ва жамоат ишлари каби чораларни жорий этишни тавсия қилган.

Давра суҳбати иштирокчилари қонун билан зиддиятда бўлган болаларга нисбатан жамоатчилик асосидаги чора-тадбирларни Ўзбекистон миллий қонунчилигига киритиш, бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш бўйича фикр алмашди.

Болаларга қонун билан зиддиятли вазиятларда ёки уларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолларда ўзларини хавфсиз ҳис қилишларига имкон берувчи самарали, болаларга дўстона одил судлов тизимини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Гулноза Бобоева, Аслиддин Алижонов (сурат),ЎзА