Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29) доирасида халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда парламент раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.
Жумладан, Сенат Раиси Парламентлараро иттифоқ раиси Тулия Эксон ҳамда Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан доимий ҳамкорлиги, келгусидаги режаларни атрофлича муҳокама қилди.
2025 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган 150-юбилей Ассамблеяга тайёргарлик кўриш, Барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилишида парламент назорати ўрнатилгани, бу борада махсус комиссиянинг самарали фаолияти каби масалалар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, юртимизда ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив ва креатив иқтисодиётни ривожлантиришда парламентнинг роли хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, Сенат Раиси Т.Норбоева Озарбайжон Миллий Межлиси раиси Соҳиба Гафарова билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг амалдаги ҳолати, истиқболдаги режалар ва вазифалар муҳокама қилинди.
Жумладан, икки мамлакат ўртасида экология ва иқлим бўйича парламент ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА