Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи ҳақида мулоҳазалар…
Ўзбекистон беш йил олдин Озарбайжон заминида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кирганлиги ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик учун пойдевор бўлгани эътиборга молик.
Давр талаб этаётган муаммоларни якдиллик билан, ўзаро келишувлар асосида ҳал қилиш ғоясини дадиллик билан илгари сурган Президентимизнинг шу хусусдаги Бишкекдаги 6 ноябрдаги нутқида ҳам қардошлик руҳидан куч олиш ҳисси уфуриб турди.
Ўзаро ишонч ҳамкорликни мустаҳкамласа, ишончсизлик турли зиддиятларни келтириб чиқаради. Президент нутқи аввалида етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаётгани, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортаётгани хусусида сўзлади.
Бундан барча давлатлар хавотирга тушиши кераклигини, бу муаммоларни биргаликда бартараф этишга чақирди.
Чунки, даставвал, жаҳон айвонидаги низолар, ихтилофлар оқилона ҳал этилмаса, режада белгиланган ҳамкорликларга путур етиши тайин. Бу эса савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларга жиддий тўсиқ бўлиши, шубҳасизлиги таъкидланди.
Қайта-қайта эътирофлар шунчаки, қоғозда қолиб кетмаслиги мулоқотларни тизимли равишда, якдилликда аниқ позицияни фаол илгари суришга Ташкилот масъул бўлиши шарт.
Президент ўз нутқида Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиаларни тилга олиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралади. Ўз вақтида низонинг ягона ечимини ҳам қайд этди. Бу халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир. Халқаро доираларда Президентимиз томонидан бот-бот эслатиб келинадиган Афғонистон масаласи ҳам четда қолмади.
Кенгашдаги энг муҳим масал: Туркий дунёни янада жипслаштириш, унинг мавқеини ошириш, ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларимизни чуқурлаштириш, ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга асос бўлувчи тарихий ҳужжат – Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши бўлди.
Ҳамкорликдаги фаолиятнинг бешта устувор йўналишининг алоҳида қайд этилди.
Ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, иқтисодий имкониятлар маконини яратиш, инвестиция жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, транспорт коридорларидан самарали фойдаланиш, Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусининг илгари сурилиши ёрқин истиқболнинг ифодаси десак, хато бўлмайди.
Шунинг учун ҳам туркий эллар фольклорининг кўп жилдли мажмуасини аъзо мамлакатлар тилларида нашр этиш ташаббусининг Президентимиз томонидан эътироф этилиши жон ва қон томири бўлган бир бўлган халқларни янада жипслаштириши аниқ.
«Туркий дунё хартияси» – бу Турк тилли халқларининг бир-бири билан ҳамкорлик ва ҳамжамиятчиликни мустаҳкамлашга йўналтирилган асосий принциплар, қадриятлар ва мақсадларни ўз ичига олган ҳужжат. У турк дунёсидаги давлатлар ва халқлар ўртасидаги ягона маданий, иқтисодий ва сиёсий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан характерланади.
Хартиянинг моҳиятида туркий тилларни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш – турк тилли халқларининг маданий меросини асраб-авайлаш, қадриятлар ва урф-одатлар – ўзаро маданий алмашинув ва турк халқларининг тарихи, урф-одатларини ўрганиш, илмий ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш ва халқаро хавфсизликни таъминлаш каби масалалар туради.
Нутқ билан танишар экансиз, туркий элларнинг тақдири ва ёрқин истиқболига дахлдорлик туйғусини ҳис этасиз. Уларни дунёнинг ривожланган давлатлар қаторида кўриш орзуси борлигига амин бўласиз.
Раҳимбой Жуманиёзов
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети профессори