Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан “Китобсевар миллат” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, журналистлар, кутубхона маркази мутахассислари ҳамда бир гуруҳ ёш китобхонлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан китобхонлик маданиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганини таъкидлади.
– Биз ўтган йили Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш учун эълон қилинган танловда иштирок этиб, “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ғолиб чиққан эдик, − деди Холмурод Салимов. – Жорий йил давомида мазкур лойиҳа доирасида бир қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Жумладан, болалар ёш тоифасидан келиб чиққан ҳолда 10 номдаги китобни нашрдан чиқардик. Мазкур учрашувда ушбу китобларнинг болалар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди.
Таъкидлаш жоизки, Давлат ижтимоий буюртмаси доирасида чоп этиш учун китоблар танланаётганда болалар қалбига шодлик, зеҳнига билим, орзу-умидларига эса қанот бахш этадиган, уларда ҳалоллик ва тўғрилик, эзгулик ва Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантира оладиган мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Болалар ижодкорлари Ориф Тўхташнинг “Шалола”, Абдураҳмон Акбарнинг “Оқ қовуннинг боласи” шеърий тўпламлари, Муҳаббат Йўлдошева қаламига мансуб “Учар ҳаммом”, Исоқжон Нишоновнинг “Сеҳргарнинг узуги” сингари ажойиб эртак ва ҳикоялардан иборат китоблари шулар жумласидан.
Лойиҳа доирасида “Дунё даҳолари” рукни остида чоп этилган китоблардан ўрин олган Стив Жобс, Муҳаммад Али, Леонардо да Винчи, Моцарт, Альберт Эйнштейн каби машҳурларнинг ҳаёт йўли, оламшумул ихтиролари ҳақидаги қизиқарли ҳикоялар эса фарзандларимизда ўткир зеҳн ва теран тафаккур орқали дунёни забт этиш мумкинлиги ҳақида тасаввур уйғотиб, уларни ҳозирданоқ чуқур билим олишга ундайди. Айни пайтда Уюшма ахборот хизмати ходимлари томонидан юқоридаги ўнта китобнинг аудио варианти ҳам тайёрланмоқда.
Тадбирда яқин вақт ичида ушбу китоблар аудио вариантлари билан бирга мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларига бепул тақдим этилиши маълум қилинди.
Учрашув якунида уюшма аъзолигига қабул қилинган бир гуруҳ қорақалпоғистонлик ёш журналистларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.