Қиш ойларида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли фуқароларнинг иситиш тизимларига бўлган эҳтиёжи ортади. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда инсонлар ис газидан заҳарланиши мумкин.

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш масалаларига бағишланган оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, 2020 ва 2023 йиллар оралиғида Ўзбекистон Республикаси бўйича 421 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган. Бу эса қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланиш,  хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик натижасида келиб чиқмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 1 минг 700 дан ортиқ кўп қаватли уй бўлиб, уларнинг аксарияти Нукус шаҳрида жойлашган. Жумладан, шаҳарда 675 та кўп қаватли турар жойнинг 447 таси эски, 228 таси янгидан қурилган уйлар бўлиб, уларда 24 минг 700 дан ортиқ хонадон мавжуд.

Ўрганишларга кўра, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар илгари қурилган кўп қаватли уйларда, айниқса, қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланган, мўриси тозаланмаган хонадонларда содир бўлмоқда. Нукус шаҳрида эски кўп қаватли уйларда 15 мингга яқин хонадон бўлиб, шу кунгача 2 минг 600 тадан зиёд хонадон эгалари яшаш жойида бўлмагани сабабли ўрганилмаган. Бу кўрсаткич сентябрь ойи бошида 6 мингга яқин эди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг уйма-уй юриб олиб борган профилактик тадбирлари натижасида 3 минг 400 дан ортиқ хонадон эгаси аниқланиб, хавфсизлик чоралари кўрилди.

Тадбирда мутахассислар томонидан иситиш печларидан фойдаланиш давомида уларнинг созлигига доимо эътибор бериш, ёқишдан олдин уларнинг мўриларини кўздан кечириш, қўлбола ҳамда носоз иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, ёнилғи ҳамда ёнувчи материалларни печ олдида қолдирмаслик, иситиш печларини ёпиқ ҳолатда қаровсиз қолдирмаслик ва уларни назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик тавсия қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА.