Миллий антидопинг агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон “Rowing&Сanoe” федерацияси спортчиси Шоҳмурод Холмуродов допинг туфайли 3 йил муддатга дисквалификация қилинди. Мусобақа даврида бу спортчидан олинган допинг синамасида спортда тақиқланган “Кломифен“ моддаси борлиги аниқланган.
Айтиш лозим, дисквалификация жазо муддатини ўтаётган спортчи, ушбу муддат тугагунга қадар халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши тақиқланади. Агар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда ушбу спортчига умрбод спортдан четлатиш муддати қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, тегишли кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтиамиз, Ш.Холмуродов ўтган йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларида Нурислом Тўхтасин ўғли билан жуфтликда бронза медалини қўлга киритганди.
Т.Рўзиев, ЎзА