Ўтган ҳафта мобайнида футбол бўйича Европа қитъасининг кучли бешлик чемпионатларида навбатдаги тур баҳслари бўлиб ўтди.
Англия премьер лигасининг 8-турида марказий ўйин дея эътироф этилган “Ливерпуль” – “Челси” учрашуви шиддатли ўтди. Мазкур ўйинда “Ливерпуль” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва очколари сонини 21 тага етказган ҳолда мусобақа пешқадамига айланиб олди. Шунингдек, бу турда “Манчестер Сити” ҳам 3 очкони қўлга киритди. Аниқроғи, “МС” сафарда “Вулверхэмптон” устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа, 20 очко билан “шаҳарликлар” иккинчи ўринга жойлашди. Кутилмаганда Лондоннинг “Арсенал” клуби 2:0 ҳисобида “Борнмут”га имкониятни бой берди. Бунинг натижасида “Арсенал” 17 очко билан учинчи поғонага жойлашди.
Германия Бундеслигасининг 7-турида “Бавария” ўз майдонида “Штутгарт” клубини йирик 4:0 ҳисобида таслим қилган бўлса, “Майнц 05” ва “РБ Лейпциг” ўйини 0:2 ҳисобида якунланди. “Фрайбург” жамоаси “Аугсбург”ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалабага эришди. Шу тариқа, ушбу жамоалар мусобақа жадвалининг кучли учлигидан ўрин олди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Бавария” ва “РБ Лейпциг” 17 очко жамғариб, биринчи ва иккинчи поғонага жойлашди. “Фрайбург” эса 15 очко билан учинчи ўринда қайд этилди.
Бу йилги мавсумда ёрқин ўйин намойиш этаётган “Барселона” клуби Испания Ла-лигасининг 10-турида ҳам пешқадамлигини сақлаб қолди. Каталония шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи бу жамоа мазкур турда “Севилья”ни 5:1 ҳисобида таслим қилди ва очколарини 27 тага етказиб олди. Мадриднинг “Реал” жамоаси эса 10-турда “Сельта” меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида муҳим ғалабага эришди. Бунинг натижасида “қироллик клуби” 24 очко билан жадвалда иккинчи ўринни сақлаб қолди. “Атлетико Мадрид” эса ўз майдонида 3:1 ҳисобида “Леганес”ни таслим қилиб, 20 очко билан кучли учликдан жой олди.
Италия А Сериясининг 8-туридан сўнг “Наполи” 19, “Интер” 17 ва “Ювентус” 16 очко билан пешқадамлар рўйхатидан жой олди. А Сериянинг кучли учлигидан жой олган ушбу жамоалар 8-тур доирасида бир хил 1:0 ҳисобида зафар қучди. Аниқроғи, “Наполи” ва “Интер” сафарда “Эмполи” ҳамда “Рома”ни, “Ювентус” эса ўз майдонида “Лацио”ни минимал ҳисобда енгди.
Франция чемпионатининг 8-турида “ПСЖ” клуби “Страсбург” устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. “Монако” эса кутилмаганда “Лилль” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу тариқа, парижликлар турнир жадвалида 20 очко билан пешқадамга айланган бўлса, иккинчи поғонадаги “Монако” 20 очко билан иккинчи ўринда қолди.
Сафарда “Монпелье”ни 0:5 ҳисобида енгган “Марсель” очколарини 17 тага етказиб олди ҳамда учинчи поғонадан ўрин эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА