“Юнусобод” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ҳарбий спортчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ўз шиддати ва жозибали усуллари билан ишқибозларга бир олам завқ улашди.

Ўз тарихида 42-маротаба ташкил этилган дунё биринчилигининг жамоавий баҳслари ниҳоясига етди. 17 давлат терма жамоалари иштирокидаги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари аввалига Туркманистон, кейин Иордания терма жамоасини бир хил 3:0 ҳисобида енгди. 1/2 финал курашида Италия терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг финалида Ўзбекистон-Мўғулистон жамоалари рўбарў келди. Дзюдочиларимиз ҳал қилувчи финал беллашувида Мўғулистон терма жамоасига 2:3 ҳисобида енгилди ва кумуш медаль соҳиби бўлди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда 9 та миллий терма жамоа олимпия тизимидаги  баҳсларда татамига чиқди. Ўзбекистон терма жамоаси дастлаб Испания терма жамоасини 3:0, мураккаб кечган 1/2 финалда эса Россия жамоасини 3:1 ҳисобида доғда қолдирди.

Финалда эса Франция терма жамоаси билан олтин медаллар учун рақобатга киришди. Беллашувлар натижасига кўра, дзюдочи қизларимиз рақибларини 3:1 ҳисобида енгди ва ҳақли равишда ҳарбий спортчилар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришди.

Ғолиб ва совриндорлар, чемпионатнинг энг яхши дзюдочилари тегишли тарзда диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, дунё дзюдо ишқибозлари кузатувида ўтган 42-жаҳон чемпионатининг яккалик беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 5 та кумуш, 3 та бронза жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Мўғулистон ва Франция терма жамоалари кучли учликка якун ясади.

Т.Рўзиев,  

ЎзА