Малайзия Миллий ахборот агентлиги “Bernama” мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчиси Каромиддин Гадоевнинг фикрларини ёритган. Мақолада икки юрт ўртасидаги алоқалар географик жойлашув нуқтаи назаридан Марказий ва Жануби-шарқий Осиёни боғловчи стратегик кўприк бўлиб хизмат қилиши кўтаринки руҳда таъкидланган.
Агентлик мухбири билан суҳбатда дипломатимиз Малайзия Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) раислиги зиммасига олган 2025 йил мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун ажойиб имконият эканига эътибор қаратди.
– АСЕАН марказида жойлашган Малайзия биз учун минтақадаги яқин дўст, стратегик ҳамкор сифатида ҳудуддаги барча давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкин, – деди у. – Шунингдек, давлатларимиз маданий, ижтимоий жиҳатдан бир-бирига ўхшаш. Биз 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловида малайзиялик кузатувчиларни кўришдан мамнун бўламиз.
Элчимиз Ўзбекистонда кечаётган мазкур сиёсий жараёнда 50 дан зиёд халқаро кузатувчи, шунча давлат, жумладан Малайзиядан ҳам 150 нафар оммавий ахборот воситаси вакили иштирок этаётганига урғу берди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳамкор мамлакат делегацияси таркибида олти нафар халқаро кузатувчи ва “Bernama” ходими ҳам бор.
Малайзиялик кузатувчилар 1999 йилдан буён республикамиздаги сайловларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жумладан, парламент ва президентлик сайлови, шунингдек 2023 йил бўлиб ўтган конституциявий референдум ва навбатдан ташқари президентлик сайловида ҳам қатнашган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА