Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида аравачада қиличбозлик бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада 100 нафарга яқин пара қиличбозлар ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ўзлари танлаган спорт турлари билан шуғулланиши учун айниқса, аравачада қиличбозлик йўналиши бўйича кенг имкониятлар яратиш, улар ўртасида паралимпия ҳаракатини оммалаштириш ва келгусида нуфузли мусобақаларда жумладан, Паралимпия ва Параосиё ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган авлодни камол топтириш мақсадида ташил этилган мазкур мусобақада иштирокчилар жамоавий баҳсларда ўзаро рақобатлашди.
Юқори савияда ташкил этилган ушбу чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олди. Наманган ҳамда Андижон вилояти жамоалари эса иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси мутасаддилари ғолиб ва совриндорларга медаль ҳамда махсус диплом топширди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА