Аргентина Президенти матбуот хизмати маълум қилишича, мамлакатда солиқ хизмати тугатилиб, янги агентлик ташкил этилади ва 3 мингдан зиёд одам ишдан бўшатилади.
– Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва самарасиз тузилмаларни йўқ қилиш доирасида федерал солиқ хизмати тугатилади ва соддароқ, самаралироқ тузилма – камроқ харажат билан, бюрократик жараёнсиз солиқ йиғадиган, божхона назоратини ўрнатадиган агентлик ташкил этилади, – дейилган хабарда.
Ушбу қарор ходимлар касбий малакасини ошириш ва коррупцияга қарши курашишга ҳам ёрдам бериши кутиляпти. Расмийлар солиқ хизмати ходимларининг 15 фоизи, яъни 3155 киши, шунингдек бошқарув тизимида маош қисқаришини маълум қилган.
Масалан, солиқ хизмати раҳбари ойига 32 миллион песо – тахминан 32 минг доллар олган. Энди бу миқдор вазир даражасида 4 миллион песо – 4 000 долларга яқин бўлади. Бўлим бошлиқлари маоши ҳам сезиларли даражада камайтирилади.
Ўтган йил декабрь ойида Хавьер Милей давлатнинг энг олий лавозимини эгаллагач, иқтисодиётни либераллаштириш бўйича уч юздан зиёд ислоҳот амалга оширилиши ҳақида фавқулодда фармон эълон қилди. Айни жараён барча соҳаларда харажат жиддий қисқаришини назарда тутади. Ўзгаришлар қонун лойиҳаси шаклида декабрь охирида Парламентга жўнатилади.
Ислоҳот режаси парламент қуйи палатасида турли комиссиялар томонидан бир ой мобайнида ўрганилди. Ҳатто, кўпчилик фуқаролар, сиёсатчилар томонидан танқидга ҳам учради. Шунга қарамай, Милей мамлакат тарихида туб ислоҳотчи сифатида қолиш фикридан қайтмаяпти, чоғи. Масалан, у февралда ўзи имзолаган фармонни бекор қилди. Ўша ҳужжатга кўра, Президент ва бошқа юқори лавозимли мансабдорлар маоши 48 фоиз оширилиши керак эди.
С.Раҳимов,
ЎзА