Давлатимиз раҳбари “Оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова мазкур қонуннинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Янги Ўзбекистонда қилмиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги қатъий таъминланмоқда. Хусусан, қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” каби тушунча киритилиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланди.
Қонунчиликдаги жинсий эркинликка тажовуз қилиш жиноятига нисбатан оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида қаралиб, янада кучлироқ санкциялар билан тўлдирилди.
Вояга етмаганларга жинсий зўравонлик қилган шахсларнинг болаларга таълим-тарбия бериши, болалар билан бевосита ишлаши, шу каби фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди.
Афсуски, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан соҳада айрим камчиликлар кўзга ташланмоқда.
Оилавий (маиший) зўравонликка нафақат вояга етган шахслар, балки болалар ҳам дучор бўлмоқда. Аммо амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларининг тегишли моддалари диспозициясида оилавий (маиший) зўравонликнинг қурбони эр-хотин, собиқ эр-хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёки умумий фарзандга эга бўлган шахслар бўлиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, бунга болалар киритилмаган.
Натижада оилавий (маиший) зўравонликка учраган болаларга нисбатан жиноят ишларини малакалашда тергов идораларида турли муаммолар юзага келган.
Албатта, соҳадаги мавжуд муаммо ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун билан болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди.
Янги қонун 6 та моддадан иборат бўлиб, 3 та кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Биринчи муҳим жиҳат шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилди.
Иккинчи муҳим жиҳати эса, Жиноят-процессуал кодексига оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамаси пайтида бериш тартиби жорий қилинди.
Яъни, оилавий (маиший) зўравонлик бўйича жиноят ишлари юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат ишни судда кўриш жараёнида, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкинлиги белгиланди.
Бу нега керак? Чунки тергов босқичида эр-хотинларнинг ўзаро ярашганлиги оқибатида айбланувчи томон жазо муқаррарлигини ҳис этмай, бир йил давомида яна қайта зўравонлик содир этиши ҳолатлари кузатилмоқда.
2023 йил ва жорий йилнинг май ойига қадар содир этилган 894 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган. Қолган 44,4 фоизи, яъни 388 таси бўйича суд томонидан тегишли жазолар тайинланган.
Шу сабабли, қонунчиликка бундай ўзгартиришлар киритилгани жуда аҳамиятли.
Қонун оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига ҳуқуқий замин яратди. Бундан ташқари, қонун тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи янада ортишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА