ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистонлик спорт фахрийси Зарипбой Алланиёзов ташаббуси билан 2004 йилда Нукус шаҳридаги “Ақ жағис” маҳалла фуқаролар йиғинида спорт зали қурилиб, ёш спортчилар ихтиёрига топширилган эди. Масканда ўтган давр мобайнида халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиқди.

– Бу ерда бокс сирларини ўрганяпман, – дейди Сардорбек Кенжабоев. – Шу кунга қадар Нукус шаҳри ҳамда қатор туманларда бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгалладим. Мақсадим, келажакда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўстматов каби Олимпиада чемпиони бўлиш.

Айни пайтда бу ерда Нукус шаҳридаги 2-спорт мактаби ҳамда спортнинг яккакураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан ташриф буюрадиган 3 нафар мураббий раҳбарлигида бокс машғулотлари ташкил этилмоқда.

Бокс залида бироз аввал жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ишларда тадбиркор Мухтор Пирназаров яқиндан ёрдам берди. Бироқ, бу етарли эмас. Спорт зали ва унинг атрофи янада мукаммал таъмирга муҳтож.

Бокс залида етарли шароит яратилса, келгусида бу ерда ҳам Олимпия, жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқишига шубҳа йўқ.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА