Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли ва Чимбой туманларида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) билан ҳамкорликда сувни тежовчи технологияларни жорий қилишга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги бўлими бошлиқлари, сув тежовчи технологияларни қурувчи ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи корхона мутахассислари, фермерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад – GGGI томонидан фермер хўжаликларига грант асосида берилган боғларни томчилатиб, буғдой ерларини ёмғирлатиб суғориш ускуналари билан яқиндан таништиришдан иборатдир.
Иштирокчилар дастлаб Кегейли туманида жойлашган “Агроимпекс” фермер хўжалиги билан яқиндан танишди. Агарда, мавжуд сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга сарфланиши эътиборга олинса, бу беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш долзарб масала эканлиги ойдинлашади. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологиялар жорий этилса, ҳосилдорлик кўтарилиши билан бирга, сувни тежаш имконияти ҳам юзага келади. Ушбу технологияларни жорий этиш бўйича ташкил этилган мазкур семинарда соҳа мутахассислари томонидан янгиларини ўрнатиш борасида йиғилганларга тушунтириш берилди.
Иштирокчилар Чимбой туманидаги “Жузбаси” фермер хўжалигида ҳам бўлди. Президентимизнинг Қорақалпоғистонда аграр ва сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга қаратаётган эътибори ва бу йўналишда қабул қилинаётган фармон ва қарорлар нафақат сувчи ёки фермерларга, балки бутун ҳудуд аҳолисига кўрсатилган ғамхўрлиги экани тадбирда алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажариш учун ҳар бир кун ва соатдан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар ва ўтган йилда кузатилган камчиликлар юзасидан масъулларга мурожаат қилишди. Ечимлар изланди, янги ҳамкорлик режалари тузилди. Мутахассислар гуруҳи майдонларни лойиҳалаш, сув келтириш ва ҳовуз тиндиргичларни қуриш, насос агрегати, фильтрлари, ўғит бериш мосламасини монтаж қилиш, электр узатиш тармоқларини қуриш, бош ва тарқатувчи қувурларни ҳамда томчиловчи шлангларни монтаж қилиш каби йўналишларда иш олиб боради. Бу гуруҳлар сув тежовчи технологияларнинг сифатли ишлашини ва фермерларга кафолатли сервис хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Тадбир якунида ҳудудларда сув тежовчи технологияларни белгиланган майдонларда ўз вақтида ва сифатли ўрнатиш ишларини тизимли ташкил қилиш мақсадида бу каби кўргазмали семинарлар доимий равишда ўтказилиши белгиланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.