Қозоғистонда 2008-2011 йилларда туғилган ҳамда ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида қиличбозлик бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан келган қиличбозлар ўзаро рақобатлашди.
Халқаро турнирнинг шпага йўналиши бўйича кечган яккалик баҳсларида Вадим Багаутдинов ва Дурдона Даулетбоева, 2011 йилдаги қиличбозлар орасида Азиз Эшонқулов биринчи, Хуршид Рўзибоев, Ислом Ғофуржонов, Шабнам Алишерова учинчи поғонадан жой олди.
Шунингдек, кадетлар ўртасидаги жамоавий баҳсларда терма жамоамиз ўғил болалар тоифасида биринчи бўлган бўлса, қизлар терма жамоамиз учинчи ўринни эгаллади.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, 2011 йилда туғилган спортчилар ўртасидаги жамоавий баҳсларда ўғил болалар жамоамиз олтин медалга сазовор бўлди.
Нуфузли турнирнинг рапира йўналишида Ўзбекистон қизлар терма жамоаси иккинчи, қорақалпоғистонлик қиличбозлардан иборат термамиз эса иккинчи поғонага кўтарилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА