Пойтахтимиздаги «Ҳумо арена» спорт мажмуасида хоккей бўйича Қозоғистон мунтазам чемпионатининг навбатдаги тур ўйинлари доирасида “Ҳумо” жамоаси Рудний шаҳрининг «Горняк» клубига қарши рақобатлашди.
Жорий йилги мавсум бошланишига бир қанча вақт ўтган бўлса-да, “Ҳумо” клуби илк бор Тошкентда ўйин ўтказди. Қизиқарли баҳсларга бой ўтган ушбу учрашувда пойтахтимиз клуби 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди ва муҳим икки очкони қўлга киритди. Бунинг натижасида «Ҳумо» 9 та ўйинда 11 очкога эга бўлди ва олтинчи ўринга кўтарилиб олди. «Горняк» эса 11 та ўйин ўтказиб, 12 очко билан 5-ўринда бормоқда.
Бугун соат 19:30 да “Ҳумо” ва «Горняк» клублари ўртасида иккинчи ўйин бўлиб ўтади. Ушбу учрашувда жамоамиз яна бир ғалаба қозониб, мусобақа жадвалида “Горняк”дан очколар ҳисоби бўйича ўтиб кетишига умид қиламиз. Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Қозоғистон мунтазам чемпионатининг “Сарярқа” жамоаси 11 ўйинда 17 очко жамғариб карвонбошилик қилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА