Германия Федератив Республикаси ички ишлар вазири Нэнси Фазер ҳукумат “исломийлик”ка қарши курашувчи ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилди. Тузилма, асосан, ёшлар ижтимоий тармоқ орқали радикаллашувининг олдини олади. Мулозим айтишича, радикаллашувни эрта босқичда аниқлаш ва муайян хатарга қарши туриш учун шундай қарорга келинган.
Мамлакат ИИВ веб-сайтида чиққан баёнотда “Исломийликнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳ” онлайн платформаларда ёшларга таъсир кўрсатаётган радикаллаштирувчи воситаларни аниқлайди, шундай ҳолатларга нисбатан чора кўради.
– Ёшларимизни муайян таъсирга тушиб қолишдан ҳимоя қилишимиз керак, чунки ижтимой тармоқдаги ёт ғоялар сингдирилган мулоқотларда жуд кўп ёшларни учратяпмиз, – деган вазир. – Бу жараённи эрта босқичда аниқлаб, ўғил-қизларни хатарли йўлдан қайтариш зарур. Шунингдек, Нэнси Фазер исломий гуруҳлар ижтимоий тармоқдаги “WhatsApp”, “Телеграм” ва “TikTok” каби манбалар орқали асосан ёшлар ва аҳолининг заиф қатламига таъсир ўтказаётганини қўшимча қилган.
Вазир гуруҳ иш бошлашини радикаллашувга қарши кураш нуқтаи назаридан “муҳим қадам” сифатида баҳолади. Бир сўз билан айтганда, лойиҳа эҳтиёт чораларини кўриш ва тавсиялар бериш орқали фаолият олиб боради. Гуруҳ таркибига хавфсизлик идоралари, нодавлат ташкилотлар ва илмий доиралардан тўққиз нафар эксперт киритилган. Эътиборлиси, ҳайъатнинг баъзи аъзолари ўтмишда Ислом ва мусулмонлар ҳақида баҳсли баёнотлари билан танилган шахслар.
Хусусан, Мюнстер университети қошидаги Ислом дини илоҳиёти маркази раҳбари Муҳанад Хорхиде Австрияда ҳижоб ўрашни тақиқлаш, айрим масжидларни ёпиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бу воқеа бир вақтлар жуда кўп танқидга сабаб бўлган эди.
Қайд этиш жоиз, ишчи гуруҳ Золинген шаҳрида содир этилган террор ҳаракатидан кейин ҳукумат томонидан хавфсизлик чоралари мажмуаси доирасида ташкил этилди. Ёдингизда бўлса, август ойида ушбу шаҳар ташкил этилганининг 650 йиллиги нишонланаётганда Суриядан келган шахс меҳмонларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ўшанда уч киши теракт қурбонига айланиб, саккиз киши жароҳатланган эди.
Гуруҳ шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қурол-яроқ, бошпана ва яшаш билан боғлиқ ҳолатларни ҳам ўрганади.
К.Бекжонов, ЎзА