–
Испаниянинг “El país” газетасида “Афсонавий Ипак йўли бўйлаб замонлароша саёҳат” мақоласи эълон қилинди.
Испаниялик журналист Начо Менесес томонидан ёзилган мақолада Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, тарихий шаҳарлари, бетакрор обидалари ҳақида сўз борган. Бундан ташқари, муаллиф мамлакатимизга қандай етиб келиш мумкинлиги ҳақида ҳам атрофлича маълумот берган.
Мақола “Минг йиллик, афсонавий ва мўжизавий Ипак Йўли асрлар давомида узоқ йўлларни бирлаштирган бўлиб, унда Осиё қитъасидан чиққан карвонлар Европа ва Африка бозорларигача етиб борган. Ўша даврдаги карвонлар босиб ўтган йўллардан ҳеч бири Ўзбекистончалик қадимийлигини сақлаб қолмаган. Яъни, Ипак Йўли босқинчилар томонидан бузилган, тамомила ўзгартириб юборилган. Мамлакатнинг замонавий пойтахти Тошкентдан минг йиллик тарихга эга Самарқанд, жумбоқларга тўла Бухоро-ю Хива, чўл гавҳари Қизилқум бўйлаб ҳаракатланар экансан, гўёки “Минг бир кеча” афсоналари аро сайр қилгандай ҳис этасан”, деган сўзлар билан бошланган.
Маълумки, бугунги кунда Испания пойтахти Мадрид шаҳридан Тошкентга чартер рейслар йўлга қўйилган. Бу юртимизга хорижлик, жумладан, испаниялик сайёҳларнинг ташрифини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Начо Менесес Ўзбекистондаги сайёҳлик ривожланган шаҳарларга алоҳида таъриф берган.
Тошкент – тарих ва бугун ўртасидаги шаҳар
Тошкент тарихи милоддан аввалги V асрга бориб тақалади. Бу шаҳар XIII асрда Чингизхон ҳужуми оқибатида вайрон бўлади ва XIV асрда миллат қаҳрамони Амир Темур томонидан қайта қурдирилади. Бугунги кунда 2,3 миллион аҳолига эга шаҳар тарихда Шош, Чоч номлари билан аталган”.
Журналист Тошкент меъморчилигига, тарихийлик ва замонавийликнинг уйғунлигига алоҳида эътибор қаратади. “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг ноёб архитектураси, Мустақиллик майдони, Мотамсаро она ҳайкали, Иккинчи жаҳон урушида шаҳид бўлган ўзбек ўғлонлари исмлари битилган хотира дафтарлари унда катта таассурот қолдирганини ёзади.
“Тошкентни кашф этар экансан, унинг метросидан баҳра олмай иложинг йўқ, ноёб архитектура асосида қурилган бекатлар, жумладан, Алишер Навоий, Мустақиллик майдони, Пахтакор ва Космонавтлар таърифига тил ожиз”, дейди журналист.
Кўҳна Самарқанд шаҳрига “Мингйиллик” дея таъриф берилган.
“Тошкентни ортда қолдириб, гуруҳимиз билан дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири Самарқанд сари йўл олдик. Бу шаҳар икки минг йиллик Буюк Ипак Йўлининг стратегик нуқталаридан ҳисобланган. VIII асрда барпо этилган Самарқанд ва унинг тарихий меъморий, археологик ёдгорликлари 2001 йилда «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» номи билан ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. У Ўрта Осиёнинг асосий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу ерда тарихда номи қолган Александр Македонский, Чингизхон ва албатта, Амир Темур ҳукмронлик қилган. Айнан Амир Темур бу гўзал шаҳарни 1370 йилда ўз давлатининг пойтахтига айлантирган”, дейди Менесес.
Мақолада, шунингдек, Регистон майдони, мадрасалар, бетакрор меъморчилик санъати, майдонда бўлиб ўтадиган турли томошалари, Шоҳи Зинда мажмуаси, Биби Хоним масжиди ва мақбараси, Конигил сайёҳлик қишлоғи, Самарқанд қоғози фабрикаси, Сиёб бозори ҳақида атрофлича маълумот берилган.
Бухоро – Бутунжаҳон мероси
Бухорога бежизга бундай таъриф берганим йўқ, –дейди Менесес. – Зеро, бу ерда 2000 га яқин Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган обидаларни учратишингиз мумкин. Унинг эски шаҳар қисми, масжид ва мадрасалари, карвонсаройлари бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этиши тайин. Бухородаги илк ташрифимиз Пойи Калонга бўлди. Ҳозиргача фаолият олиб бораётган мадраса, у ердаги масжид ва минорани бир маротабада кўриб бўлмайди. Бу ерга кундузи айланиш, кечаси эса томоша қилиш учун келиш керак”, деб ёзади журналист.
Пойи Калон ҳақида ёзар экан, Начо Менесес унинг тарихи, узунлиги, неча асрлар давомида босқинларга берган “бардоши” ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, мақолада Боло Ҳовуз, Арк қалъаси, Чор Минор мажмуаси, Лаби Ҳовуз, унинг ён атрофидаги бозорлар, энг лаззатли Бухоро кабоблари ва палови ҳақида ҳам ёзилган.
Мақоланинг “Хива – Қизилқум чўлининг дурдонаси” деб номланган қисмида Қизилқумнинг флора ва фаунаси, Амударё ва Сирдарё оралиғида жилоланиб турган Хива ҳақида сўз боради. Муаллифнинг айтишича, карвонлар Эронга киришидан аввал айнан Хивада тўхтаб ўтган. Бу макон йирик қул бозори, Ичан Қалъа мажмуаси билан ном қозонган.
26 гектар ерни эгаллаган Ичан Қалъанинг 4 та дарвозаси, 8 та масжид, 31 та мадраса, 14 та минора, 12 та мақбара ва 6 та сарой ҳақида ҳам батафсил маълумот берилган. Бу тўрт дарвоза ҳар томондан кириб келган карвонлар учун қулайликлар яратган. Мақола Калта минор тарихи, унинг қурилиши ўз якунига етмай қолганига доир далиллар билан тугатилади.
Маълумот учун: “El País” Испаниянинг энг нуфузли газетаси бўлиб, ҳар куни 1 миллион 4 минг нусхада чоп этилади. Электрон шаклини кунига 18 миллион обуначи ўқийди. Газета испан, каталан, инглиз ва португал тилларида чоп этилади.
Маҳфуза Ортиқова,
ЎзА