Хабарингиз бор, куни кеча Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 5-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу турдан сўнг “A”, “B” ва “C” гуруҳларидаги вазият қуйидагича кўриниш олди.

Жумладан, “A” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси сафарда Қатардан 3:2 ҳисобида енгилган бўлса, КХДР ва Эрон учрашуви 2:3 ҳисобида якунланди. БАА ўз майдонида Қирғизистон термасини йирик 3:0 ҳисобида таслим этди.

Шу тариқа, мазкур гуруҳда Эрон 13 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланди. Ўзбекистон эса 10 очко билан иккинчи ўринда қолди. БАА ҳамда Қатар термалари ҳисобидаги очколар 7 тага етди ва улар 3-4-ўринларга жойлашди. Қирғизистон 3, КХДР 2 очко билан кейинги поғонадан ўрин эгаллади.

Энди гуруҳдаги 6-турда КХДР – Ўзбекистон, Қирғизистон – Эрон, БАА – Қатар терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Саралаш баҳсларининг “B” гуруҳида Жанубий Корея ўз имкониятларини янада яхшилаб олди. Бу жамоа Қувайтга қарши ўтган меҳмондаги ўйинда 1:3 ҳисобида ғалаба қозониб, очколарини 13 тага етказган ҳолда карвонбошилик унвонини сақлаб қолди. Қувайт эса 3 очко билан 5-поғонадан силжимади.

Гуруҳда иккинчи ўрин учун курашаётган Иордания ва Ироқ ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олди. Шу тариқа 8 очкодан жамғарган бу терма жамоалар голлар нисбатига кўра 2-3-қаторлардан ўрин эгаллади. Фаластин ва Ўмон беллашуви 2:2 ҳисобида ўз якунига етди. Ўмон бу натижадан сўнг 6 очко билан гуруҳнинг тўртинчи поғонасидан жой олган бўлса, Фаластин 2 очко билан энг сўнгги ўринда қайт этилди.

Мазкур гуруҳдаги кейинги тур беллашувларида Ўмон – Ироқ, Қувайт – Иордания, Фаластин – Жанубий Корея термалари ўзаро тўқнашади.

“C” гуруҳидан ўрин олган Австралия ва Саудия Арабистони учрашуви 0:0 ҳисобида тугади. Баҳрайн эса ўз майдонида Хитойга минимал 0:1 ҳисобида ютқазди. Мазкур натижалардан сўнг Австралия, Саудия Арабистони ва Хитой терма жамоалари 6 очко тўплаган ҳолда 2-4-ўринларни банд этди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, гуруҳдаги Индонезия ва Япония термалари баҳси бугун, 15 ноябрь куни бўлиб ўтади. Шундай бўлса-да, айни вақтда Япония 4 ўйинда 10 очко жамғариб, “С” гуруҳида яққол пешқадамлик қилмоқда. Индонезия эса 3 очко билан охирги ўринда бораётир. Агарда мазкур учрашувда мезбонлар зафар қучса, очколар сони 6 тага етади ва Баҳрайн 5 очко билан эгаллаб турган 5-поғонага кўтарилиб олади. Қолган ҳар қандай натижада гуруҳдаги жойлашув ўзгармайди.

Бу гуруҳдаги 6-тур учрашувларида Хитой ўз майдонида Японияни қабул қилса, Саудия Арабистони сафарда Индонезия билан ўйнайди. Баҳрайн эса Австралияга қарши мухлислари олқиши остида майдонга тушади.

Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг олтинчи тури 19 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа қатнашади. Чемпионатда қатнашиш учун Осиё қитъасига тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА