Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида давом этаётган 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ўзининг юқори нуқтасига яқинлашмоқда.
Ортда қолган 7 та тур ўйинлари ғолиблик учун эркаклар ва аёллар жамоалари орасида қайси мамлакат вакиллари кўпроқ ҳақли эканини деярли аниқлади.
Шахмат олимпиадасининг эркаклар баҳсида иштирок этаётган 200 га яқин давлатнинг 15 дан зиёди чемпионликка номзод эканини амалда исботлаган бўлса, 180 дан кўпроқ аёллар жамоалари орасида 20 га яқин мамлакат шахматчи қизлари бош соврин учун даъвогарлигини эришаётган натижаларида акс эттирмоқда.
Бугун, 19 сентябрь куни ўтадиган 8-тур ўйинлари остонасида ҳар икки тоифадаги мусобақаларда Ҳиндистон жамоалари 14 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда. Эркаклар жамоалари ўртасидаги баҳсларда Эрон 13 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олишга муваффақ бўлди. Эронликлар 7-турда Вьетнам жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. Кечаги ўйинларда зафар қучган ҳамюртларимиз қатори Венгрия, Арманистон, Сербия жамоалари 12 очко билан ғолиблик йўлидаги курашни давом эттиришга ҳозирланмоқда.
Шунингдек, чемпионлик орзусидан умид узмаган яна 7 та жамоа: АҚШ, Хитой, Вьетнам, Грузия, Норвегия, Франция, Руминия 8-тур бошланиши олдидан 11 очкога эга бўлиб турибди.
Аёллар жамоалари орасида ҳиндистонлик шахматчи қизлар юз фоизлик имкониятдан тўлақонли фойдаланган ҳолда 14 очко билан турнир жадвалини бошқариб бораётган бир вазиятда Польша, Қозоғистон, Франция 12 очко қўлга киритиб, кейинги поғоналарни банд этган. Яна 10 та жамоа уларни таъқиб этиб келмоқда.
Бугун ўтказиладиган 8-тур ўйинларининг эркаклар мусобақаларидаги Эрон – Ҳиндистон, Ўзбекистон – Сербия, Венгрия – Арманистон, АҚШ – Франция, Хитой – Руминия, Вьетнам – Норвегия тўқнашувидаги баҳслар кўп масалага ойдинлик киритиши шубҳасиз. Аёллар мусобақаларида эса Польша – Ҳиндистон, Венгрия – Украина, Қозоғистон – Франция, Грузия – Болгария ва Ўзбекистон – АҚШ қарама-қаршилигидаги ўйинлар шахмат олимпиадасининг чемпионлик йўлидаги асосий баҳслар эканлиги билан кўпчиликнинг эътибор марказида бўлиши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз 11 турдан иборат шахмат олимпиадасининг сўнгги кунги мусобақалари 22 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА