Пойтахтимиз яна бир нуфузли турнирга мезбонлик қилмоқда. Теннис бўйича анъанавий ўтказиб келинадиган “Дэвис кубоги” мусобақаси яна Тошкентга қайтди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бу сафар эстониялик ракетка усталари билан куч синашади.

Кеча баҳслар бошланиши олдидан мусобақага қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон теннис федерацияси ва халқаро теннис федерацияси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиб, бевосита жараённи кузатиб борди.

Мусобақалар 13-14 сентябрь кунлари ўтказилади.

Биринчи кунги дастурда 2-рақамли теннисчимиз Сергей Фомин рақиб терма жамоаси аъзоси Марк Лоял билан тўқнаш келади.

Қайд этиш керак, Лоял Эстонияда 1-рақамли теннисчи ҳисобланади. Бизнинг биринчи ракеткачимиз Ҳумоюн Султонов эса Ян Кристиан билан учрашади.

Айтиш лозим, Ўзбекистон теннис терма жамоаси илк бор Эстония ракетка усталари билан тўқнаш келмоқда.

Қуръа ташлаш маросимидан сўнг, терма жамоаларимиз иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Эслатиб ўтамиз, баҳслар “Юнусобод” теннис кортида бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев,

ЎзА