Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг эркаклар ўртасида кечган 1-тур ўйинлари якунларига кўра, 89 та жамоа муваффақиятга эришди. Уларнинг 56 таси рақибларини тўлиқ устунлик ҳолатида енгди. Яъни, ҳар бир жамоанинг 4 нафар шахматчиси тўлиқ ғалаба қилди. Ҳамюртларимиз Тринидад ва Тобаго терма жамоасини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди.
Гроссмейстерларимиздан Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов ўз партияларида ғолиб чиқди. Нодирбек Ёқуббоев Тринидад ва Тобаго вакили билан дуранг ўйнади.
Эркаклар терма жамоасидан фарқли ўлароқ, аёллар терма жамоамиз тўлиқ устунликка эга бўлган 72 та жамоадан бири бўлди. Аёллар мусобақасининг 1-турида иштирокчи давлатнинг 81 таси ғолиб чиқди.
Бугун, 12 сентябрь куни жаҳон чемпионатининг 2-турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси қора доналарда Миср вакилларига қарши дона сурса, аёллар терма жамоамиз 2-турда Ангола терма жамоасига рўбарў келмоқда. Хотин-қиз шахматчиларимиз ҳам учрашувни қора доналарда ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари 11 турдан иборат бўлиб, 22 сентябрь куни сўнгги тур баҳслари ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА