Миллий Олимпия қўмитасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан пойтахтимизда барпо этилаётган Олимпия шаҳарчаси қурилиши юзасидан мутасаддилар олдига қўйилган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида берилган топшириқлар ижроси, мажмуаларни замонавий талабларга мос тарзда барпо этиш, хусусан, биноларни энергия тежамкор хомашёлар билан жиҳозлаш, юқори даражада рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, шаҳарчани ҳамюртларимиз учун маданий ва кўнгилочар мажмуага айлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.
“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларининг очилиш маросимига пухта тайёргарлик кўриш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокамалар якунида Осиё ўйинлари рамзларини тасдиқлаш, бинолардан самарали фойдаланиш, ташриф буюрувчиларга зарур шароитлар яратиш борасида масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Т.Рўзиев, ЎзА