Нукусда кураш бўйича ўғил болалар ҳамда нуроний полвонлар ўртасида республика турнири бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Кураш федерацияси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада Нукус шаҳри ва туманлардан 13 та жамоа иштирок этди.

Муросасиз кечган беллашувлар якунида умумжамоа ҳисобида Амударё тумани полвонлари биринчи, Кегейли тумани иккинчи, Мўйноқ тумани учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, 35-45 ёш орасидаги полвонлар ўртасида ўз вазн тоифасида Кегейли туманидан Нурланбек Адилбаев, Карамат Сапалақов, Қораўзак туманидан Султаниёз Қаниязов, Нукус шаҳридан Низаматдин Хожабаев, Шўманой туманидан Айбек Абдихалиқов барча рақиблари устидан ғалаба қозонган бўлса, 45-55 ёш орасидаги полвонлар ўртасида Қонликўл туманидан Бахитбой Хожамуратов, Кегейли туманидан Азамат Нуримов, Заретдин Балжанов, Жарас Байекеев, Нукус шаҳридан Равшан Холиқовга тенг келадиган рақиб топилмади.

55-65 ёш орасидаги полвонлар ўртасида беллашувлар ҳам қизиқарли ўтди. Ушбу беллашувларда Қонликўл туманидан Юсуп Абдуллаев, Оралбай Шарапов, Кегейли туманидан Ўмртой Утемуратов, Қўнғирот туманидан Амангелди Айтбаев ҳамда Амударё туманидан Фарҳад Айманов ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритди.

Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ҳамда нуроний полвонлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.