Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг XI ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари масъул ходимлари, фаоллари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, ташаббускор ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасида “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ташкилий ва сиёсий вазифалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Жўқорғи Кенгесидаги “Адолат” СДП фракциясининг 2019-2024 йиллар давомидаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича умумий аъзолари сони 64 минг нафарни ташкил қилади. Улар 481 та бошланғич партия ташкилотига бириктирилган.
Ҳисобот даврида партия фаоллари “Сайловчи билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида жами 1 минг 575 маротаба учрашув ташкил қилиб, 17 минг 958 хонадон ва 1 минг 282 хўжалик юритувчи субъект ҳузурига ташриф буюрган. Ушбу учрашувлар давомида аҳолидан 1 минг 854 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 562 та депутатлик сўрови тегишли ташкилот ва идораларга юборилиб, 1292 таси ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қаипбергенов жорий йилнинг 27 октябрида ўтказиладиган сайловларга пухта тайёргарлик кўрилаётгани, ўтган даврда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиб, кутилаётган сайловларда бошланғич партия ташкилотлар фаоллигини ошириш, номзодларни ўринли танлаш, кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг сиёсий фаоллигини оширишга чуқур эътибор қаратилаётганини баён этди.
Музокарага чиққан партия фаоллари ва депутатлар Кенгаш фаолиятини қониқарли баҳоладилар. Конференция кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам йиғилиш иштирокчиларининг диққат марказидан жой олди ва делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қаипбергенов фаолияти қониқарли топилиб, Кенгаш раислигига қайта сайланди ва Ўзбекистон “Адолат” СДП Қурултойига делегатлар танланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА