Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали якунланди.

Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги арафасида Самарқанд яна бир бор дунё мусиқа ва санъат аҳли нигоҳида бўлди. Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда жаҳоннинг 80 га яқин мамлакатидан 400 нафардан зиёд вакиллар халқаро мусиқа фестивалида қатнашиб, санъат тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи эканлигини намоён этди.

Чорак асрдан ортиқ вақтдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган фестивалдан кўзланган асосий мақсад ҳам дунё халқлари миллий мусиқа маданияти анъаналарини тарғиб этиш ва асраб-авайлаш, тили, дини, миллатидан қатъи назар, барча халқларни санъат орқали бир-бирига яқинлаштириш ва улар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдир. Айниқса, бугун дунёнинг манзараси ўзгариб бораётган глобаллашув даврида бундай нуфузли санъат байрамларини ўтказишнинг аҳамияти беқиёс.

Буни давлатимиз раҳбари фестивалнинг тантанали очилиш маросимидаги табрик сўзида ҳам қайд этиб, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг туб моҳиятини турли давлатлар билан тинчлик ва ҳамкорлик, дўстона муносабатларни ривожлантириш тамойили ташкил этишини таъкидлади.

Шу маънода, юртимизда “Шарқ тароналари” анжумани билан бирга, халқаро мақом санъати, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, фольклор ва рақс санъати бўйича “Буюк ипак йўли”, “Лазги” халқаро фестиваллари, Тошкент халқаро кинофестивали сингари йирик маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Улар, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинчлик-тотувликка, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган эзгу даъватидир, деди Шавкат Мирзиёев.

Фестиваль “Шарқ тароналари” деб номланса-да, унда сайёрамизнинг барча қитъаларидан хонанда ва созандалар, мусиқашунослар иштирок этиб, ўз миллий куй-қўшиқларини ижро этмоқда, анъана ва қадриятларини намойиш қилаётир. Шу жиҳатдан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Шарқ тароналари” бугун жаҳон тароналарига айланди.

Пандемия сабабли беш йиллик танаффусдан сўнг ўтказилган ўн учинчи фестивалда 30 дан ортиқ мамлакат мусиқий жамоалари, хонанда ва созандалари ўз дастурларини тақдим этди. Танлов иштирокчиларининг чиқишлари 7 кишидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан икки йўналиш – профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланди.

Анъанага кўра, фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда илк бор 32 хорижий давлатдан 50 нафардан зиёд мусиқашунос, фольклоршунос ва маданиятшунос олимлар, шунингдек, нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари ва илмий-ижодий марказлар раҳбарлари қатнашди. Конференцияга 40 дан ортиқ давлат мусиқашунослари томонидан 100 тадан кўпроқ, юртимиз олимларидан эса 70 та илмий мақола тақдим этилди.

Санъатшунослар икки кун давомида “Шарқ халқлари мумтоз мусиқа ижодиётида умуммиллий анъаналарнинг муштарак жиҳатлари”, “Мусиқа ижрочилигининг замонавий жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари”, «Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг глобаллашув жараёнлари – ёшлар нигоҳида” шўъбаларида долзарб мавзудаги чиқишлари билан қатнашди. Шунингдек, юртимизнинг таниқли мусиқашунос олимлари ҳамда санъаткорлари томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Анжуман давомида Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ қошидаги туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти иттифоқ аъзолигига қабул қилинди.

Фестиваль кунлари иштирокчилар Регистон майдонидаги асосий саҳнада танлов дастури бўйича ўз чиқишларини намойиш этди. Самарқанд шаҳри ва туманлардаги театрлар, маданият ва истироҳат боғларида ташкил этилган концертларда қатнашди.

Тўрт кунлик дастур бўйича барча тадбирлар, анжуман ва кўргазмалар якунланди. Августнинг сўнгги кунларида дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистон майдонида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Фестиваль қатнашчилари ва ҳакамлар ҳайъати тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани, юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун мамлакатимиз раҳбарияти ва Самарқанд аҳлига миннатдорлик билдирди.

Дастлаб, фестиваль қатнашчилари “Энг фаол иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинациялар бўйича тақдирланди.

Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.

Номинация ғолибларига диплом, 1000 АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Саҳнага Мўғулистоннинг “Батбаяр Батням” жамоаси, Япония вакили Машу Камазаки ва Россиянинг “Шимолий хор” ансамбли таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари, 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари берилди.

Иккинчи ўринга Қозоғистоннинг “Атамекен” мусиқий гуруҳи ҳамда мамлакатимиз вакиллари – “Мaqom Band” жамоаси аъзолари Алишер Аҳмедов ва Фазилат Аҳмедова сазовор бўлди. Уларга 3,5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, диплом ва бошқа совғалар топширилди.

Фестивалнинг биринчи ўрин ва 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти Туркманистон миллий мусиқа ансамблига берилди.

Халқаро ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Озарбайжоннинг “Семурғ” муқом ансамблига берилгани маълум қилинди.

Ғолиб жамоага 10 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

–“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ғолиби бўлганимиздан чексиз ҳаяжон ва қувончдамиз, – дейди Гран-при соҳиби, «Семурғ» муқом ансамбли раҳбари Элнур Микаилов. – Аслида, бу санъат байрамида қатнашиш, Регистонда қўшиқ куйлашнинг ўзи катта шараф. Ғолиб бўлиш эса барча иштирокчиларнинг энг катта орзусидир. Бизга бу йил ана шундай бахт насиб этганидан хурсандмиз. Чиқишларимизга муносиб баҳо берган ҳакамлардан, бизни қўллаб-қувватлаган томошабинлардан миннатдормиз.

Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар, фестиваль ғолиблари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари яна Самарқандда учрашиш ниятида хайрлашди.

Фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О.Назарбеков ҳамда Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби С.Раев иштирок этди.

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА махсус мухбири