Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ер қаъри тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси ер қаърини геологик ўрганиш, ундан самарали ва масъуллик билан фойдаланиш, уни замонавий амалиёт билан уйғунликда муҳофаза қилиш ҳамда тизимли назоратини таъминлашга қаратилган. Қонун лойиҳаси билан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномаларни бериш, ҳисоботларни қабул қилиш ва бошқа соҳадаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида «ягона дарча» принципи жорий этилмоқда. Шунингдек, норуда хомашё конларини қидириб топиш ва ўзлаштиришга оид нормалар кучайтирилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ости бойликларини масъулият билан геологик жиҳатдан ўрганиш ва улардан фойдаланиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга солиш, барқарор янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Йиғилиш кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА