Жорий йилнинг 20 август куни туризм соҳаси юқори суръатларда ривожланаётган Рас ал Хайма амирлигида “Air Arabia” авиакомпанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга оид тақдимот тадбири ташкил этилди.

Рас ал Хайма шаҳридаги “Hilton Garden INN” меҳмонхонасида уюштирилган тадбир доирасида Ўзбекистон туризм салоҳиятини намойиш қилувчи стенд ҳам ташкил этилди. Тадбирда Рас ал Хайма ва шимолий амирликларда фаолият юритувчи 35 та компаниянинг 50 дан ортиқ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Иштирокчиларга элчихона вакилларининг Ўзбекистон туризм имкониятлари тақдимоти, 2024 йил 21-23 ноябрда бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм кўргазмаси дастури ва унинг доирасида сайёҳлик компаниялари учун ташкил этиладиган “Hosted buyers” дастури ва унда иштирок этиш шартлари тақдим этилди.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган блогерлар тайёрлаган видеолавҳалар намойиш этилди, улар Ўзбекистонда туризм имкониятлари, сайёҳлар учун яратилган шароитлар ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Йиғилиш сўнгида “Air Arabia” авиакомпаниясининг парвозлар географияси Марказий Осиё бўйлаб кенгайиб боришига доир тақдимотидан сўнг Ўзбекистонга бепул чипталар тақдим этувчи лотерея уюштирди.

ЎзА