Юртимизга ташриф буюрган Халқаро аралаш жанг санъатлари (IMMAF) федерацияси президенти Керрит Браун Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари билан юртимизда илк бор аралаш жанг санъатларининг ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиш масаласини муҳокама қилди.
Мулоқот аввалида Халқаро аралаш жанг санъатлари (IMMAF) федерацияси президенти ўзбекистонлик спортчиларни, кенг жамоатчиликни “Париж-2024”Олимпия ўйинларида эришилган натижалар билан қутлади.
1984 йили Лос-Анжелес шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларининг дзюдо мусобақаларида совриндорликка эришган Керрит Браун Ўзбекистон якка кураш спорт турлари бўйича дунёнинг энг етакчи мамлакатларидан бирига айланганини билдириб ўтди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А. Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов юртимизда оммавий спорт ривожини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан меҳмонларни таништирди. Ўзбекистонда аралаш жанг санъатлари бўйича ўтказилиши кутилаётган жаҳон чемпионати борасида ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Т.Рўзиев, ЎзА