Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Мудофаа вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида «Мудофаа вазирлиги кубоги учун” ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақалари ўтказилди.

23 август куни Қуролли Кучлар академиясида мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мусобақа Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациялари ҳамкорлигида уч босқичда ташкил этилди.

Якуний босқичда 14 жамоа “Мардлар сафидаман!” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар танлови, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Арқон тортиш” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари бўйича беллашди.

“Ҳарбийлаштирилган эстафета”да Андижон вилояти ёшлари тенгсиз натижани қайд этган бўлса, “Арқон тортиш”да Қашқадарё ёшлари барча рақибларидан устун келди. “Заковат” интеллектуал ўйинида эса Сирдарё ва Қорақалпоғистон ёшлари билимдонлик қилди.

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимига мудофаа вазири ўринбосари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва пойтахтимиз ёшлари ташриф буюрди.

Якуний натижаларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ёшларидан ташкил топган жамоа биринчи ўринни қўлга киритди. Ундан кейинги ўрин Навоий вилояти ёшларига насиб этган бўлса, кучли учликка Сирдарё жамоаси якун ясади.

Ғолибларга Мудофаа вазирлиги кубоги, диплом ва медаллар, қимматбаҳо совғалар топширилди.

ЎзА