Жорий йилнинг 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан бугун пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжумани ушбу нуфузли халқаро конгресснинг ташкил этилиши ва унинг мамлакатимиз бой маданий ва маънавий меросини тарғиб қилишдаги аҳамиятига бағишланди.
Унда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев ва бошқалар “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресснинг анъанавий ташкил этилиши Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Матбуот анжуманида айтилганидек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан 2024 йил 3-4 июль кунлари ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” форумида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VIII конгрессини ўтказиш таклифи илгари сурилган эди. Форум иштирокчилари таклифи давлатимиз раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш бўйича улкан ишлар қилинмоқда, – деди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Илм-фан, таълим ва маданият ривожланмоқда. Бундан 7 йил муқаддам ана шу эзгу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекисон Республикаси Президенти фармони асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинган эди. Бугун бу борадаги ишлар ўз натижасини кўрсатмоқда. Таъкидлаш керакки, 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамда «Eriell Group» нефть хизматлари компанияси билан ҳамкорликда VIII халқаро конгресси ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади эса Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Тадбирда конгресс иштирокчилари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Унда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрoл Килич, “Ал-Фурқан” Ислом мероси жамғармасининг ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев, Марказий Осиё ва Кавказ институтининг асосчиси ва раиси, профессор Фредерик Старр, «Ислом олимларининг 1001 кашфиёти» лойиҳаси асосчиси ва бош продюссери Аҳмад Салим сингари дунёнинг 30 дан зиёд давлатидан 200 дан ортиқ олимлар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев интервью бериш чоғида мазкур халқаро конгрессни ташкил этиш бардавом бўлишини таъкидлади.
– Ушбу тадбир нафақат Ўзбекистоннинг бой маданий ва маънавий меросини тарғиб қилиш ва ўрганишда, балки туркий халқлар учун ҳам аҳамиятлидир. Халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорлик қилиш ва тадқиқотлар ўтказишда бу катта имкониятдир. Режалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу конгресс доирасида Халқаро Туркий академия ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ўртасида меморандум имзоланишини режалаштирганмиз. Унда икки ташкилот ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ва турли тадбирлар ўтказиши кўзда тутилади, – деди Ш.Мустафаев.
Шунингдек, матбуот анжуманида ўзбек замини олимларининг жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ўрганиш ва оммалаштириш, жумладан, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини сақлашга қаратилган бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича меморандумлар имзоланиши ҳам қайд этилди.
Конгресс доирасида иштирокчилар 23 август куни Тошкентда қурилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси билан танишади. 24-25 август кунлари Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” конгресс-холлда 7 та йиғилиш, ТУРКСОЙ билан ҳамкорликдаги кино-медиафорум, бир қатор кўргазма ва тақдимотлар ўтказилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА