Марказий Осиё давлатларидан мамлакатимизга ташриф буюрган журналистлар делегацияси бугун “Марказий Осиё овози: миллий макондан минтақавий макон сари” мавзусидаги конференцияда иштирок этди.
Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов кейинги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида журналистика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Умумхитой журналистлар ассоциацияси, Россия, Корея, Туркия, Ҳиндистон ва Озарбайжон журналистлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани, меморандумлар имзолаганини маълум қилди.
Ушбу йўналиш бўйича ишларни жонлантириш, айниқса, қўшни давлатларнинг журналистлар билан ишлайдиган ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш уюшманинг асосий вазифаларидан бири экани таъкидланди. Марказий Осиё медиамаконига мўлжалланган ягона ахборот платформасини ташкил этиш муҳимлиги эътироф этилди. Ушбу ахборот воситасида тақдим этиладиган материалларни бир вақтнинг ўзида Марказий Осиё халқлари тилида эълон қилиш имкониятларини яратиш, Марказий Осиё давлатлари таниқли журналистлари ҳаёти ва фаолияти, ижодига бағишланган “Марказий Осиё журналистлари” китобини нашр этиш таклифи ўртага ташланди.
Тадбир доирасида қардош мамлакатлардан иштирок этган ОАВ вакиллари юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан медиа соҳасининг нуфузи юқори даражада эканини эътироф этди.
Муҳокамалар жараёнида халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалиши, анъаналар, маънавий қадрият ва маданиятларимиз муштарак экани таъкидланди. Шунингдек, мутахассислар минтақа журналистларининг ҳамкорлик истиқболлари, уларнинг самарали тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари юзасидан ўз фикрларини билдирди.
– Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюришим. Кеча ЎзМТРК тарихи музейида бўлдик, медиа марказ фаолияти билан яқиндан танишдик, ҳамкасбларимиз билан мулоқот қилдик, – дейди Қирғизистон телерадиокомпаниясининг “Маданият” телеканали бўлим муҳаррири, телебошловчи Аида Шекенова. – Кўп давлатлар медиа соҳаси фаолияти билан танишман, Ўзбекистонда ОАВ фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ривожланган давлатларникидан қолишмаслигига гувоҳ бўлдим.
– Бугунги тадбирни ташкил этган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъулларига ўз миннатдорлигимни билдираман, – дейди «Гулакандоз» телеканали директори Муроджон Вайдуллоев. – Тожикистон Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган вилоятлари билан чегарадош ҳисобланади. Чегараолди ҳудудларда Ўзбекистон телеканалларини тожик томошабинлари зўр қизиқиш билан томоша қилишади. Айниқса, “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон тарихи”, “Ёшлар” каби телеканалларнинг мухлислари кўп. Нафақат ўзбеклар, балки тожиклар, кирғизлар ва Тожикистонда истиқомат қиладиган бошқа миллатлар орасида ҳам Ўзбекистон телевидениесининг мухлислари кўплаб топилади.
Конференцияда муҳокама этилган мавзулар бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА