Табиат яратган мўжизалар инсонни ҳамиша ҳайратлантириб келади. Аслида-ку мўжиза эмас нарсанинг ўзи йўқ. Бироқ, шундай нарсалар борки уларни кўриб, қойил қолмасдан илож йўқ.
Ана шундай лол қолдирувчи табиат туҳфаларининг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ўзбекистон. Ёши салкам минг йилга тенг улкан Сайроб чинори. Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғида жойлашган ушбу баҳайбат дарахт ковагида бугунги кунда мўжаз музей ташкил этилган.
Жанубий Африка. Баобаб нафақат дунёдаги энг улкан, балки энг узоқ умр кўрувчи дарахт ҳамдир. Жанубий Африкадаги Можажисклуф шаҳридаги олти минг ёшли баобаб дарахтининг ичига “Sunland Baobab Pub” деб номланувчи бар жойлашган.
Франция Нормандиясидаги Алувиль-Бельфос қишлоғида роҳиблар ибодат қиладиган меҳроб эман дарахти ичида жойлашган.
АҚШдаги Патрик Догертининг дарахт-уйи. Америкалик Патрик Догерти дарахт ва буталардан антиқа иншоот ва шакллар ясаган.
Калифорниядаги дарахт-тоннель. Легет шаҳарчасида улкан секвойялар ўсувчи миллий парк бор. Парк ичидаги йўлнинг ўртасида секвойя дарахти ўсади. Лекин у автомобиллар қатновига халал бермайди, чунки ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида унинг орасидан тоннель ўтказилган. Бу дарахт ҳалигача қуриб қолмайди ва ҳар баҳорда янги япроқ чиқаради.
ЎзА